Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўзбек мухолифатининг АҚШдаги намоёндалари ҳаммани бирлашишга чақирдилар
Кеча АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрининг яқинида бир орага келган таниқли ўзбек демократлари Муҳаммад-Бобур Маликов, “Озод деҳқонлар» партияси етакчиси, Жаҳонгир Муҳаммад, Демократик Ўзбекистон Конгресси раиси, Абдураҳим Пўлат, “Бирлик” Партияси раиси, Баҳодир Чориев, Бирдамлик ҳаракати лидери, мухолифат ичидаги мавжуд вазиятни муҳокама қилдилар, бўлаётган воқеаларга ўз баҳоларини бердилар ва бошқа қўшилишни истаганлар учун ҳам очиқ бўлган қуйидаги баёнотни қабул қилдилар.
Ўзбек демократик кучлари намоёндаларининг
БАЁНОТИ
25 Март, 2007 йил
Ўзбекистон сайловларга томон яқинлашиб бораётгани ва умуммухолифат орасида бирлашиш зарурати ҳақидаги чақириқларга жавобан қуйидагиларни билдирамиз׃
1. Биз ҳуқуқий-демократик ва дунёвий тузум тарафдори бўлиб келдик, бундан кейин ҳам айни қарашларимизга содиқмиз ва диктатурага қарши кураш усулларимиз, умуман барча ҳаракатларимиз ана шундан келиб чиқади.
2. Биз Ўзбек мухолифати сайловда бир умумий номзод билан қатнашиши керак деб ҳисоблаймиз ва бу йўлда мамлакат ичидаги фаолларни ҳар томонлама дастаклаш ва барча кучни ана шу мақсадга йўналтириш керак, деб биламиз.
3. Демократик интилишларни обрўсизлантириш мақсадида зўравоникка урғу бериш, муқаддас динимиз ва урф-одатларимизни сиёсий мақсадлар йўлида суиистеъмол қилиш каби чиркин ҳаракатларни қоралаб келганмиз ва бундан кейин ҳам қоралаймиз.
4. Умуммухолифатнинг барча демократик намоёндаларини ана шу платформада қўлни қўлга беришга чақирамиз.
Муҳаммад-Бобур Маликов
Жаҳонгир Муҳаммад
Абдураҳим Пўлат
Баҳодир Чориев
