Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Кеча 6 йилга маҳкум этилган Исроил Холдоровнинг тарихи
Кеча мухолифатчи Исроил Холдоров Андижонда 6 йилга озодликдан маҳрум этилгани мълум бўлди. Дарҳақиқат, Исроил ким эди?
Мухолифат мутбуотида бу исм биринчи марта “Ҳаракат” журналининг 2004 йил 5(50)-чи сонида пайдо бўлди. Бу ердаги “Ўзбек ўкитувчиларини уюштириш лозим” номли мақолада “Бирлик” Партиясининг Мархамат туман раиси Мусажон Бобожонов ва шу партиянинг Андижон туман ташкилоти раиси Исроил Холдоровлар бошчилигида тарихда биринчи марта ўрта мактаб ўқитувчиларининг мустақил касаба уюшмасини яратиш учун маҳаллий ҳокимият билан олиб борилган кураш ҳикоя қилинганди.
Шу мақоладаги қуйидаги парча диққатни ўзига жалб қилиши керак:
Мусажон Бобожонов «Мустакил касаба уюшмаси»нинг котиби бўлиб, раиси эса Андижон тумани 21-мактабнинг кимё-биология ўкитувчиси Исроил Холдоров эди. Аммо, у ўзини бироз тажрибали хисоблагани учун бўлса керак четрокка туришга интилар, вокеаларнинг гирдобига Мусажон ташланарди.
Аммо, юкоридаги кўнгилсиз вокеалар Исроил Холдоровни хам четлаб ўтмади. Колаверса, хамма жойда хам ўкитувчилар етарлича жасорат кўрсатмадилар. Масалан, Исроил Андижон шахридаги гимназияга ўша мурожаатнома билан ташриф буюрганда, у ердаги ўкитувчиларнинг ўзи милицияга кўнгирок килиб, уни тутиб берганлар. Хатто икки ўкитувчи аёл уялмасдан унга карши тухмат ва бўхтон тўла аризани ёзишга хам улгурганлар. Нахотки, ўзимизга ёрдам беришни истаб келган инсонга шунчалик ёмонликни согинсак-а! Дехкон-ку адашса, хўп, билими етмади дейилса, ярашади. Лекин зиёли ўкитувчи бундай жохилликка йўл кўйса, уни ким деб атаймиз?! Нахот юртда жахолат шу даражага етган бўлса!?
Ўша куни Исроил Холдоровни йигирмага якин милиция ходими «асир»га олиб, Андижон шахар ички ишлар бўлимига келтирадилар ва уни кундузги соат 10.00 дан кечкурун 19.00 гача ушлаб ўтирадилар. Кейин уни вилоят прокурорининг ўринбосари олдига олиб киришди.
Шунда Исроил прокурор ўринбосарига куйидаги саволни беради:
– Сиз менга айтингчи, Президент Каримов Ўзбекистон бўйича Конституциянинг кафолатчисими?
У эса:
– Ха, – деб жавоб беради.
Холдоров уни яна саволга тутади:
– Сиз бутун вилоят бўйича конуннинг кафолатчисимисиз?
Прокурор ўринбосарининг яна тасдик жавоб беришдан ўзга чораси колмайди.
Ана шундан сўнг Холдоров унга куйидаги буйрук охангидаги саволни беради:
– Унда сиз мана бу Андижон шахар ички ишлар бўлими бошлигини хозирнинг ўзида хибсга олиш тўгрисида иш бошлашингиз керакмасми? Чунки у мени конунга хилоф равишда ушлаб бу ерга олиб келтирди. Бирок бизда, яъни Ўзбекистонда, демократия сари кадам кўядиган инсонларга карши курашувчи кучлар мавжуд экан, айникса, бу кора кучлар хукук тизими ходимлари орасида мавжуд экан, мамлакатимизда хар томонлама ривожланишга тўскинчилик давом этаверади. Инсон Хукуклари Умумжахон Декларациясининг 23-моддасида «Хар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини химоя килиш учун касаба уюшмаларига кириш хукукига эга» дейилган. Бу Декларацияни Ўзбекистон 1991 йил 30 сентябрь куни 336-XII ракам остида кабул килган. Демак, унга амал килишга мажбур. Сиз эса, бунинг тескарисини килмокчисиз.
28 август куни туман прокурори Йўлчиевнинг хузиридаги сухбат сўнгида Мархамат туман миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиги майор Номозов маколамиз кахрамони Мусажон Бобожоновга шундай савол беради:
– Ука, бутун Ўзбекистон бўйича Андижон вилояти нотинч бўлса, бутун вилоят бўйича Мархамат тумани энг тўполон жой хисобланади. Ахир вилоятнинг бошка туманларида хам «Эзгулик» жамияти, «Бирлик» ва бошка партияларнинг аъзолари борку, нега улар сизларчалик тўполон килмайдилар?! Келинглар, муаммоларнинг ечимини бахамжихат, биргаликда топиб ечайлик!
«Бирлик»чи Мусжоннинг жавоби ўзбек миллатининг фарзандига хос бўлди:
– Абдугаффор ака, аввало биз гайрат билан фаолият кўрсатаяпмиз. Канийди, хамма хам биз каби ишласа эди! Иккинчидан, биз мархаматликлар Дукчи Эшоннинг авлодларимиз! Албатта, бу энди рамзий маънода айтилмокда! Ха, биз сиз айтгандай муаммоларни биргаликда ечишни доим кўзда тутиб харакат киламиз. Амалда хам шунга интилганмиз ва келажакда хам шу маррамизда коламиз! Бу фикрларимиз мурожаатномамизда хам ўз аксини топган. Лекин, сизларнинг бирга ишлаш ниятларингиз кўринмаяптику. Шундай экан, биз хам «зоримиз бор, зўримиз йўк», деб кетаверамиз!
Орадан бир неча ой ўтгач, Исроил Холдоров ўзи раислик қилаётган “Бирлик” Партияси Андижон тумани ташкилотига ҳам хабар бермасдан “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракциясига ўтгани ва бу фракциянинг Андижон вилоят ташкилотига раис этиб тайинлангани маълум бўлди. У айнан тайинланганди, чунки бу фракция нормаль бир вилооят конференцияси ҳам ўтказишга қодир бўлмаган. Ўқитувчилар уюшмасини тузишдек муҳим иш чала қолиб кетди.Бу воқеа мухолифат сафларини мустаҳкамлашга ёрдам бермаганини ҳар бир ақли расо одам тушунса керак.
“Бирлик” махсус баёнот тарқатиб, бу шаклда партиядан партияга ўтишлар умумий ишимизга зарар келтиришини айтмоқчи бўлди, аммо, кейинчалик, бу қарордан воз кечди. Расмий очиқланмаган хавотирлик ўзини кўп куттирмади, айрилганни бўри ер мақоли қанчалик тўғри эканлиги тезда ўртага чиқди.
Андижон воқеаларидан сўнгра бир неча кундан кейин Мусажон Бобожонов қамалди. Ўз сафдошининг ҳолига тушишни, табиий, истамаган Исроил Холдоров мамлакатни тарк этиб, Ўшга ўтиб кетишга мажбур бўлди.
Воқеаларнинг давомини тушуниш учун “Ҳаракат” Агентлигининг қуйидаги хабари муҳим бўлиши мумкин:
2006 йил, 5 июнь, 13:00 – Ўшда “Жанбуй Давра кенгаши”нинг мажлиси ўтказилди
Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси жамиятлари«Давра кенгаши»нинг жанубий минтақа ташкилоти – “Жанбуй Давра кенгаши” бугун Ўшда навбатдаги йиғилишини ўтказди. Унда “Давра Кенгашининг” ижрочи координатори, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун, “Эрк” партияси Андижон вилояти ва Қўқон шаҳри ташкилотларининг раислари Исроил Холдоров ва Абдужалил Рустамов (у “Жанбуй Давра кенгаши”нинг раҳбари ҳам), “Озод деҳқонлар” партияси Жиззах ташкилоти раиси Жамшид Мухторов, шоира Анорхон Ҳамдамова ва бошқалар (жами 15 киши) қатнашди.
Кун тартибида асосан 2 масала бор эди. Булар – келаётган президент сайловларига тайёрланиш ва “Жанбуй Давра кенгаши” фаолиятини жонлантириш.
Қизғин муҳокамалардан сўнгра, 2007 йил президентлик сайловларида умумий номзод билан чиқиш ғояси бир оғиздан қабул қилинди. Сиёсий партияларнинг раисларига алоҳида мурожаат қилиниб, улардан бу муҳим масалада дарҳол келишиш талаб қилинди.
Қабул қилинган бошқа бир қарорда, “Жанбуй Давра кенгаши” мухолифат ташкилотларини бирлаштирувчи ягона структура деб эътироф этилди. Бу борада Миллий нажот қўмитаси (МНК) ҳам тилга олинди. Йиғилиш қатнашчилари бу органнинг программасидаги энг камида бир модда, яъни сайловларнинг Ўзбекистон конституциясига кўра Марказий Сайлов Комиссияси эмас, МНК томонидан чақирилиши ҳақидаги модда очиқдан-очиқ антиконституцион бўлгани сабабли, бу масалага очиқлик киритлмагунича, у билан ҳамкорликни тўхтатиб туришга келишдилар.
Исрои Холдоров бир неча кун аввал, яъни 29 май куни баъзи сайтларда МНКнинг Қирғизистон бўлими номидан тарқатилган “Эртага кеч бўлади” номли Чақриқда “М.Солих Муваққат ҳукумат бошлиғи қилиб тайинланиши назарда тутилиши” каби моддалар антиконституцион бўлгани сабабли, уни бекор қилинганини билдирди ва бундай ўйламасадан қилинган Чақириқ тарқатилгани учун кечирим сўради, бу Чақириқни эълон қилган сайтлардан уни олиб ташлашни сўради.
Исроил Холдоровнинг охирги эътирофлари жуда муҳим, деб изоҳ беради мухбиримиз. Маълумки 1992 йили Миллий Мажлис тузиш ғояси остида шунга ўхшаб қилинган ақлсиз ишлар натижасида бир неча мухолифатчи бир неча йилга қамалиб ҳам чиққан эди. “Ўйламасдан ёзилган ва бундан ҳам муҳими, ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир популистик қоғоз учун яна бир неча кишининг бекорга қамалишини олдини олиш лозим” дея Ўшдаги мухолифатчиларга махсус телефон қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикри инобатга олингани мақтовга сазовордир.
Кейинчалик Исроил Холдоров Ўш шаҳридан бедарак йўқолди. “Ҳаракат” Агентлиги бу хусусда бир қатор хабарлар бериб, “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясини ўз аъзосини қидиришга ҳам ҳаракат қилмасликда айблади.
Кейинчалик, айнан, “Бирлик” фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан Исроил Холдоров Андижонда МХХ ертўласида эканлиги белгиланди. “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат Исроил Холдоровни ҳимоя қилиш ишлари, хусусан, адвокат ёллаш учун керакли моддий ёрдамни уюштирган бўлса ҳам, аммо, Андижон “Бирлик” ва “Эзгулик” энг катта талофотга учраган жой бўлгани сабабли, уни ҳимоя қилиш ишини етарли даражада ташкил қилиб бўлмади.
Андижондаги судниг тафсилотлари ҳали маълум бўлмаса ҳам, тахмин қилиш мукинки, Исроилни айнан МНКнинг антиконституцион эканлиги рўкач қилиб қамаганлар. Қоғоздагина мавжуд бўлган ташкилот ҳозирча шундан бошқа “фойда” бермаган ва бермайди ҳам.
Мусажон Бобожонов 8 ой қамоқда ётгач, 5 йил шартли қамоқ жазоси олди ва 2006 йилнинг бошларида озодликка чиқди. Энди Исроил қамоқда. Ҳа, айрилганни бўри ер деганлари мутлақо тўғри. 53-54-чилар мухолифатни айириш билан машғул бўлиб, ҳали ҳам мавжуд режимга хиз мат қилаётганлари энди ҳаммага маълум.
“Нима бўлса ҳам, биз Исроилни озодликка чиқариш учун ҳаракатларимизни давом эттирамиз, – дейди бу хусусда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. – Қолаверса, буни биздан бошқа қиладиган кучнинг ўзи ҳам йўқ. Жон талвасасидаги 53-54-чилар фракцияси рус сайтларида яшашдан бошқа нарсага ярамайди. Минг афсуски, воқеалар яна мен башорат қилган шаклда давом этмоқда.”
