Москвада Баҳром Ҳамроевга ҳужум

Ўтган якшанба куни “Ҳаракат” журналининг Россиядаги вакили Баҳром Ҳамроев Москванинг марказида Тульская метростанцияси олдида, қўлидаги телефон орқали Канадада яшайдиган укаси билан гаплашаётган вақтида бир гуруҳ номаълум кишиларнинг ҳужумига учради. Бу ерга етиб келган милиция наряди уни яқиндаги касалхонага олиб борди. Жиддий тан жароҳатлари туфайли докторлар унга касалхонага ётишни тавсия қилсалар-да, Баҳром уйига кетишга қарор қилди ва ҳозир уйида ётиб даволанмоқда.

Кеча у билан телефонда гаплашган “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат сафдошига тезда тузалиб кетишни тилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан 2,5 йил аввал Москва органларининг ходимлари Баҳром Ҳамроев чўнтагига наркотик модда солиб қўйиб қамашди. У ўшанда 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса ҳам, Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг сай-ҳаракатлари билан озодликка чиқарилган эди. Баҳромни ҳимоя қилишда асосий фактор сифатида унинг “Ҳаракат” журнали билан ҳамкорлик қилиши кўрсатилганди.