Журналист Абдурашид Шариф оламдан ўтди

Қайта қуриш йиллари “Бирлик” халқ ҳаракати шаклланаётган даврда у билан яқиндан ҳамкорлик қилган Тошкентлик журналист Абдурашид Шариф яқинда вафот этгани маълум бўлди.

Ўзбекистонда бўлаётган сиёсий жараёнларни дунёга ёритишда етарлича роль ўйнаган Абдурашид Шариф, 1991-92 йиллари янги тузилган Интерфакс агентлигининг мухбири ҳам бўлиб ишлади. 1992 йилда мухолифатга қарши бошланган репрессиялар уни ҳам четлаб ўтмади, унга қарши суиқасд уюштирилди, “Бирлик”нинг қароргоҳи бўлган Ёзувчилар Уюшмаси биноси олдида куппа-кундуз куни номълум одамлар уни аёвсиз калтаклаб кетдилар. У аввал Тошкентда, сўнгра Интерфакснинг ёрдами билан Москвадаги ҳукумат касалхонасида даволанди.

У 1993 йилнинг бошида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди ва бир неча йил Москвада ўзбек демократлари тарфидан тузилган “Марказий Осиё ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам бериш” жамиятида фаолият олиб борди, бу ерда ҳам босимлар ортгач, 1996 йилда Швецияга оиласи билан кўчиб кетишга мажбур бўлди. У шу ердан туриб, мустақил журналист сифатида Ўзбекистондаги демократик кучларга ёрдам беришга ҳаракат қилган бўлса ҳам, аммо сўнгги йилларда ҳар қандай фаолиятлардан четлашди, муҳожиратдаги эска сафдошлари билан ҳам алоқа қилмай қўйди.

Шу сабабли, унинг бир ой аввал Швециянинг Лулео шаҳрида оламдан ўтгани ҳақидаги хабар бизга фақат бугун етиб келди.