Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик”нинг 86-Қўқон сайлов округидан депутатлик ўрни учун кураши давом этмоқда
Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига 86-Қўқон сайлов округидан депутатликка номзод кўрсатиш учун ҳаракат бошлаганди. Номзод сайловчиларнинг Ташаббус гуруҳи номидан кўрсатилиши, у ҳам бўлса, партиянинг Фарғона вилоятидаги раҳбари Адҳам Муҳиддинов эканлиги ҳам билдирилганди.
Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) сайловни шу йил 24 декабрга белгилаганини 23 ноябрда эълон қилишига қарамасдан, Қўқон ҳокимиятидагилар аввалига округ сайлов комиссияси тузилмаганинини, кейин унинг таркиби эълон қилинмаганини баҳона қилиб, Ташаббус гуруҳининг мажлисини ўтказишга рухсат бермадилар. Ташаббусчилар Эргашали Қўшматов, Охунжон Бойхонов ва Адҳам Муҳиддиновларнинг мажлис учун жой белгилаб бериш ҳақидаги аризаларини олишдан ҳам бош тортдилар. Ҳокимликнинг Иш юритиш бўлими раҳбари Дилоромхон Одилова 7 ноябрда ҳам аризани қабул қилиб олишдан бош тортгач, ташаббусчилар аризани почта орқали, у адресатга “топширилгани хусусида маълумот” олинадиган қилиб жўнатдилар.
Адҳам Муҳиддиновнинг мухбиримизга билдиришича, сайловда иштирок этиш учун ҳаракат қуйидаги йўналишда давом этади. Биринчидан, МСКга мурожаат қилиб, қонунлар қўпол равишда бузилгани, хусусан, ҳокимликнинг айби билан, энг камида 300 сайловчи номзод кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилингани сабабли, бу округдан шу йил 24 декабрга белгиланган сайловни бекор қилиш ва уни кечроқ ўтказиш сўралади. Иккинчидан, Қўқон ҳокимлигидан сайловчилар Ташаббус гуруҳи мажлисига рухсат олиш учун ҳаракат давом этади ва у олингандан кейин мажлис ўтказилади ва мажлисда ҳокимиятнинг бу ишларга маъсул ходимларини жазолаш талаб қилинади. Учинчидан, бу сайловда иштирок этиш янаги йилда бўладиган президент сайловларига тайёргарчилик сифатида кўрилаётгани сабабли, ҳозирги воқеалардан сабоқ олиниб, президент сайлови учун ҳозирликлар бошлаб юборилади. Хусусан, энг қисқа вақт ичида партия вилоят ташкилотининг Кенгаши йиғилади ва президентликка мухолифат номидан умумий номзодга номзод қилиб партия раиси Абдураҳим Пўлатни кўрсатиш бўйича қарор олинади.
