Тошкентда пикетлар бошланди, яна “Бирлик” ўртага чиққандан кейин

2003 йили кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар Тошкентда Европа Тараққиёт ва Тикланиш Банкининг йиллик мажлиси ўтказилишига қаршилик билдиришганди. Фақат “Бирлик” ва “Эзгулик” бошқача позицияда бўлди. Уларнинг фикрича, бу каби халқаро табдирларнинг Ўзбекистонда ўтказилиши демократиянинг ривожланишига хизмат қилиши керак.

Айнан шундай бўлди ҳам. Банкнинг йиғилиши бўлаётган кунларда “Бирлик” сўнгги 10 йил ичида мухолифат ташкилотларининг биринчи тадбирини – “Бирлик”нинг қурултойини ўтказиб олди. Ўша кунлари биринчи марта очиқча пикетлар ўтказиш бошланди. Шундан кейингина кўзлари очилишга бошлаган турли мухолиф гуруҳлар қайтадан ташкилотланишга бошладилар.

Орадан 3 йил ўтди. Яна ўша эски суратни кўрмоқдамиз. Андижон воқеаларидан кейин оғир аҳволга тушган мухолифатнинг фаолиятини қайтадан жонлантириш учун “Бирлик” Европа Иттифоқи –Ўзбекистон муносабатларини тиклашга мўлжалланган музокаралардан фойдаланди. Бошқа мухолифат гуруҳлари бундай музокараларга қарши чиқиб, дод-вой қилган бўлсалар, “Бирлик” музокараларнинг фойдали эканлигини, Еропа Иттифоқи бу музокараларда Ўзбекистон ҳукуматидан демократия тарафига юришни талаб қилиши лозимлигини гапирди.

Айнан яна “Бирлик”нинг айтгани бўлди. Европа Иттифоқи Ўзбекистон бўйича қарорларини шу йил 13 ноябрда олишини ўрганган “Бирлик”, унинг арафасига, яъни 11 ноябрга 1 йилдан бери ўтказолмаётган партия Марказий Кенгашининг мажлисини тайинлади. Энг муҳими, шу куни мажлис ўтказилди ҳам. Бу кун ўзбек мухолифатининг жонланишида бурилиш нуқтаси бўлди.

Энди маълум бўлишича, бугунгача қаерда эканлиги ҳам номаълум бўлган бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкентда Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида пикет ўтказиптилар. Талаблари – “Бирлик”нинг бундан олдин қилган талабларининг худди ўзи. Энг қизиғи, “Бирлик”нинг талаблари амалга ошабошлади, энди бу мавзуда пикет ўтказиш ҳам мантиқсиз.

Лекин нима бўлса ҳам, “Бирлик”нинг пойқадами билан Ўзбекистонда демократик кучлар жонланишга бошланишидан хурсанд бўлиш керак.