Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик” фаоллари Брюсселда расмий учрашувларини бошладилар
Бугун “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Исмол Дадажон ҳамда партия фаоли Рафиқжон Ғани Европарламентда учрашувлар ўтказишга бошладилар. Бугун улар парламентнинг 3 аъзоси билан алоҳида алоҳида кўришдилар.
Улар билан биринчи бўлиб Европарламентнинг Литвалик депутати Гинтерес Дидзиокас суҳбатлашди. Жаноб Дидзиокас парламентнинг Халқаро алоқалар комитети ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия комиссияининг аъзосидир. Шу сабабли у билан учрашув икки томон учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлганини гаприш ортиқча. “Бирлик”фаоллари унга Ўзбекистондаги сиёсий аҳвол ҳақида тафсилотли маълумот бердилар ва Европа Иттифоқи – Ўзбекистон алоқаларини нормаллаштириш учун қилинаётган уринишларни қўллаб қувватлаган ҳолда, Ўзбекистондан демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича талабларнии кучайтириш тарафдори эканликларини билдирдилар, “Бирлик”нинг шу масала бўйича 6 ноябрда кабул қилинган Баёнотини топширдилар.
Айни шаклдаги суҳбат Литвалик бошқа депутат, Халқаро алоқалар комитети аъзоси Юстас Палецскис билан бўлди.
Сўнгра “Бирлик”чиларни Европарламентнинг Швециялик депутати Ингер Фегелсторм қабул қилди. Ингер хоним ҳам Халқаро алоқалар комитетининг аъзоси бўлиб, бу комитетда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича маъсулдир. Шу сабабли у Ўзбекистондаги вазиятга оид маълумотлар ўзи учун фойдали эканлиги алоҳида таъкидлади ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан муносабатларни нормаллаштириш учун инсон ҳуқуқлари масаласини ҳеч қачон қурбон қилмаслигини урғулади.
Европарламент аъзолари ўзлари учун бу учрашувларнинг жуда фойдали бўлганини айтиш билан бирга, бу каби учрашувларни доимий шаклда ўтказиб бориш кераклигини таъкидладилар. Улардан олинган маълумотлар “Бирлик” фаоллари учун ҳам фойдали бўлди. Мухолифатчилар яна кимлар билан учрашиш, масалаларни қайси шаклда қўйиш кераклиги хусусида яхши тажриба орттирдилар.
Эртага “Бирлик”чилар яна бир қатор Европарламент аъзолари ва Еврокомиссия ходимлари билан учрашишни режалаштирганлар.
