“Бирлик” Партиясининг Бош котиби миршаблар “ҳимоясида”

Бугун эрталаб Фарғона водийси вилоятлари бўйлаб мини-саёҳатга чиққан Васила Иноят ҳамма ерда бунчалик азиз маҳмон сифатида қабул қилинишини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

“Бирлик” фаолининг биринчи манзили Наманган эди. Бугун бу ерда “Эзгулик” жамиятининг Наманган вилоят Поп тумани бўлими раиси Араббой Қодиров устидан ўтказиладиган аппеляция судида жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиши керак бўлган Васила Иноят шу ерга шошиларди. Араббой шу йил 28 сентябрда уйдирма айб билан 11 ой аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниб, суд ундан минимал ойликнинг 11 бараварига тенг миқдорда жарима ундиришга ҳам қарор қилганди. Ўзининг мутлақо айбсизлигига ишонган ҳуқуқ ҳимоячисининг мақсади шу ҳукмни ҳам бекор қилдиртириш бўлган.

Аммо Васила Иноят бу судга етиб боролмади. Наманган миршаблари, шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўринбосари бошчилигида унинг автомобилини тўхтатиб, салондаги ўтиргичларгача кўтариб тинтув ўтказдилар. Автомобилнинг ҳужжатлари, машина ойналарининг тонировкасигача “ёпишиб”, Васила ва унинг ўғлини шаҳарга киритмасликка ҳаракат қилдилар. Ҳеч бир баҳона тополмагач, “шаҳарда диний экстремистлар кўп. Биз Сизни таниймиз, бизга Сизни муҳофаза қилиш топширилган, шу сабабли бу ёққа ўтказмаймиз” деб туриб олдилар.

Ноилож қолган Васила Иноят шаҳарда ўзини кутаётган сафдошлари (“Бирлик”нинг вилоят ташкилоти раиси Носир Зокир ва “Эзгулик”нинг вилоят бўлими раиси Аҳмаджон ака) билан телефонда гаплашиш билан чекланишга мажбур бўлди ва Қўқонга йўл олди. У бу шаҳарга омон-эсон кириб олиб, “Эзгулик”нинг маҳаллий офисида ҳамма сафдошлари билан учрашишга маваффақ бўлди. Аммо, офис олдига кечроқ етиб келган миршаблар яна унинг машинасини титкилашга тушдилар.

Шундан сўнгра Андижонга йўл олган “Бирлик” фаоли энди бу вилоятлик мршабларнинг қўлига тушганди. Уни шаҳарга киритмасликларини очиқча айтган “қўриқчилар”, Васила Иноятнинг автомобилини Тошкентга қадар кузатиб келдилар ва сўнгра кўнгиллари тинчиб орқага қайтдилар.

Шундай қилиб, “Бирлик” Бош котиби Қўқондан бошқа ҳеч бир ерда сайдошлари билан кўришолмай Тошкентга қайтди. Унинг мақсади 11 ноябрга белгиланган партия Марказий Кенгаши мажлисига доир масалаларни муҳокама қилиш эди. Маълумки, Андижон воқеаларидан бери партия ҳеч бир очиқ тадбир ўтказиш имкониятига эга бўлмаган. Аввал хабар берганимиздек, Марказий Кенгаш ўтказиш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлигига огоҳлантириш хати берилган. Бу хатнинг ҳокимлик томонидан олинганини кўрсатувчи муҳрли нусхаси ҳозир Марказий Кенгаш аъзоларига тарқатилмоқда.

Бугун Васила Иноят билан бир неча марта телефонда гаплашган партия раиси Абдураҳим Пўлат шундай дейди: “Мақсадимиз Марказий Кенгаш мажлисини расман ва очиқ шаклда ўтказиш. Кун тартибидаги масалалар ичида келаси йилда бўладиган президентлик сайлови ва партиянинг навбатдаги қурултойига тайёрланиш, партияни рўйхатга олиш жараёнининг давом эттириш бор. Европа Иттифоқи билан янги бочқич музокаралари олиб боришга тайёрланаётган Ўзбекистон ҳукумати партиямизнинг ички бир мажлисини ўтказтирмасликка ҳаракат қилса, бу музокараларга зарба берилиши табиий. Шу сабабли, биз ҳукумат оқилона қадамлар қилади деган фикрдамиз”.