Қашқадарёлик мухолифатчилар «Давра кенгаши»да жипслашмоқчилар

Маълум бўлишича, 7 апрель куни Қарши шаҳрида қашкадарёлик мухолифатчиларнинг ҳам қўшма йиғилиши ўтказилиб, унга Форум мақоми берилган.

Мажлисда ҳозир бўлган «Бирлик», «Эрк», «Озод деҳқонлар» партияларининг вилоят ташкилотлари раислари, «Эзгулик» ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг вилоят бўлими раҳбарлари ҳамда бир қатор мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари айни кундаги ижтимоий-сиёсий вазият таҳлили, мухолифатнинг бугуни ва эртаси хусусида
фикрлашишдилар.

Мажлисни бошқарган “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари, партиянинг вилоят ташкилоти раиси Дайнов Ташановнинг таъкидлашича, кун тартибида Ўзбекистонда бугунги сиёсий вазиятга баҳо бериш, мухолиф сиёсий партиялар, инсон ҳуқуқлари жамиятларининг вилоят ташкилотлари позициясини аниқлаш, уларни бошқаришда коллегиал бошқарув ва лидерлик факторига муносабат сингари масалалар ўрин олган.

Мажлис иштирокчиси Ғанижон Раҳматовга кўра, лидер фактори масаласида “Бирлик» раҳбариятини танқид оситига олиш мушкул. Ҳарҳалай, партия тузилган кундан бери унинг раҳбарияти ўзбошимча қарорлар қабул қилиб, баёнотлар тарқатганлари йўқ. Аммо «Эрк», «Озод деҳқонлар», «Аграрлар» каби сиёсий партиялар фаолиятида лидер фактори муаммо даражасига кўтарилди. Шу боисдан ҳам “Бирлик» партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажон илгари сурган лидерлик факторидан воз кечиш масаласини жиддий ўйлаб кўриш керак.

Дайнов Ташановнинг фикрича, «Давра Кенгаши»нинг структураси, иш услуби бироз ислоҳга мухтож. Яъни, бу бирлашма кўпроқ маҳаллий мухолифат вакилларининг фаоллигини оширишга эътибор қаратиши лозим. «Давра Кенгаши»да қатнашувчи субъектлар ўз ташкилотлари қарорларини ўртага ташлаши (албатта, ташкилотнинг ички иши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно), кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлаши керак. Йиғилишда иштирок этган «Эрк» раиси Самад Мурод ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ёдгор Турлибековлар фикр-мулоҳазаларини мақола тарзида ўқиб эшиттиришди.

Мажлисда мухолифатнинг Қашқадарё вилояти ташкилотлари ўз фаолиятини «Давра
Кенгаши» атрофида бирлаштириши мақсадга мувофиқлиги юзасида қарор қабул килинди.

Мухолифатнинг бошқа вилоятлардаги ташкилотларига «Давра Кенгаши» атрофида
бирлашиб, бошқарувнинг коллегиал усулига ўтиш хусусидаги таклифлар матни
тайёрланди. “Бирлик” раиси ўринбосари Исмоил Дадажоннинг лидер факторига барҳам берии хусусидаги мулоҳазалари энг самарали усул эканлиги эътироф этилди.

“Ҳаракат” мухбирига кўра эса, охирги фикрлар жиддийроқ таҳлил талаб қилади. Советлар замонида тарихни шахслар эмас, халқ яратади деган тезис остида, аслида, тескарича иш қилинарди ва баъзи шахслардан доҳийлар яратиларди. Ҳақиқат шундан иборатки, лидерлик фактори бор бўлган фактордир. Ундан кўз юмиб бўлмайди. Шу сабабли, лидерни доҳийлаштирмасдан, унга демократик усуллар билан сайланувчи ва вақтинча раҳбарлик қилувчи шахс сифатида қараш мақсадга кўпроқ мувофиқ бўлиши мумкин.