Обидхон Қори хавфсиз ўлкага кетди

ББСнинг ўзбек хизмати тарафидан тарқатилган хабарга кўра, машҳур имом Обидхон Қори Назаров Бирлашган Миллатларнинг қочқин мақоми билан кеча Қозоғистондан Оврўпога йўл олган.

Обидхон Қорининг ҳаёти учун ҳали ҳам хавфли бўлган Қозоғистоннинг номи тилга олиниб, бу Оврупа мамлакатининг номи тилга олинмаслиги шубҳали бўлса ҳам, бу хабарни тўғри деб қабул қилишдан бошқа илож йўқ. Оддий мусулмонларнинг, миллатнинг хурматини қозонган Обидхон Қори ҳақиқатда хавфсиз ўлкага етиб борди деб умид қиламиз.

Эслатиб қтиш керакка, Обидхон Қори қайта қуриш сиёсати берган эркинликлар замонида кўзга кўринди. У 1990 йилнинг бошларида “Бирлик” халқ ҳаракатининг Тошкент марказидаги Пишпек кўчасида жойлашган расмий қароргоҳида ҳафтада бир марта бу ерда йиғилганларга дарс берарди. Бу хусусда хабарлар кенг тарқалгандан кейин дарсга келувчиларнинг сони ҳам кескин ошди. Бир оздан сўнг ҳукумат “Бирлик” қароргоҳини олиб қўйди.

Ўша даврда диннинг воммунистлар тарафидан йўқ қилинган ролини тиклаш мақсадида юрган мусулмонлар Ислом Уйғониш Партиясининг Ўзбекистон бўлимини тузиш режаси билан овора эдилар. Бу ишларга кейинчалик ҳукумат тарафидан йўқ қилиб юборилган Абдулла Ўтаев бошчилик қиларди.

Бир оз кейин бу партия расман тузилди ҳам. Унинг Қурултойи Обидхон Қори имомлик қилаётган Тўхтабой масжидида бўлиши эълон қилинди. Кейин маълум бўлишича, бу хабар масжид расмийлари билан келишилган ҳолда расмий режим одамларини алдаш учун тарқатилган экан. Ташкилотчилар яширинча иш олиб боришган ва Қурултойнинг делегатлари ва маҳмонларни ўша куни кечаси огоҳлантириб, Қурултойни эрта саҳарда Тўқимачилар саройида ўтказишган.

Қурултой у саройда бошланган вақтларда ҳеч нарсадан хабари йўқ милиционерлар Тўхтабой масжидини босишди. Номоз ўқиш учун келганларни ҳам масжидга киритишмади. Қурултой ташкилотчилари огоҳлантириб улгурмагани учун масжидга келиб қолган баъзи делегат ва маҳмонлар дарҳол милиция бўлимларига олиб кетилди. Уларга қарши маъмурий жазолар қўлланди. Масалан, Татаристондан келган бир неча кишига пул жаримаси солинди, улар дарҳол Ўзбекистондан депортация қилиндилар. “Бирлик” раҳбарларидан Абдураҳим Пўлат ва Дадахон Хасанлар 500 сўмдан жарима билан “қутилдилар”.

Масжидга жуда кам одам Қурултойни деб келганидан шубҳага тушган милиционерлар 1-2 соатдан кейин ҳийлани тушундилар, қайси йўллар биландир Қурултойнинг асл жойини аниқлаб, ўша ерни босдилар. Аммо, шу қисқа вақт ичида Қурултой асосий мақсадига эришиб бўлганди. Унинг Дастур ва Уставлари қабул қилинган, раҳбар органлари сайланиб бўлганди.

Шу воқеадан кейин, авваллари ҳам ҳукуматнинг қора рўйхатида бўлган Обидхон Қори ва Абдулла Ўтаев кабиларга қарши ростакам уруш эълон қилинди, деса бўлади. Кўп дин уламолари каби Абдулла Ўтаев йўқ қилиб юборилди. Обидхон Қори қаттиқ тазйиқ остида бўлса ҳам озодликда қолди. Аммо, хавфлар кучайгач, 1998 йилдан бери яшириниб юрарди. Ҳозир бу инсоннинг соғ-саломатлиги ҳақида хабар ўртага чиқди.

Аслида, дейди мухбиримиз, Каримов режими илмли одамлардан ташкил топаётган Ислом Уйғониш Партиясининг фаолиятини тўхтатиб катта хато қилди. Шу хато натижасида радикал исломий гуруҳлар вужудга келди, улар биринчи планга чиқдилар, кейинчалик воқеалар қон тўкиш йўлига ўтиб кетди.