Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
«Озодлик» иллатлардан озод эмас шекилли
Кеча, 9 февралда «Озодлик» радиосининг Тошкент бюроси собиқ раҳбари Раҳматжон Қўлдошев оммавий ахборот воситалари учун матбуот конференцияси чақириб, радио маъмуриятининг ўзига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлингани, оқибатда соғлиги ва қадр-қимматига путур етгани, умуман, радионинг ўзбек хизмати ҳар хил иллатлар гирдобида қолгани хақида баёнот берди. Бундан ҳеч қанча ўтмай радионинг Тошкент бюроси собик мухбири Хусниддин Қутбиддинов ҳам баёнот билан чиқиб, радионинг ўзбек хизматида илдиз отган иллатлар, қариндош-уруғчилик, нохолислик, фаолиятдаги пала-партишликни таъкидлади. Мазкур баёнотларнинг тўлиқ матни деярли барча сайтларда тарқатилгани боис масаланинг айрим жиҳатларигагина тўхталмоқчимиз.
Мухбиримизга кўра, ҳақиқатан матбуотда ўзига хос овозга эга бўлган бу икки журналистнинг гапларида жон бор. Авваллари ҳам сайтимизда таъкидлагинимиздек, «Озодлик»нинг ўзбек хизматига даставвал журналистик фаолиятдан, қолверса, адабий ўзбек тилини мукаммал билишдан узоқ турган, радионинг нуфузи кўтарилишидан манфаатдор бўлмаган шахслар, кейинчалик эса Каримов режими кўрсатмаларига кўра иш юритадиган раҳбарлар келди. Буни биргина «Бирлик» теварагидаги ҳодисалар, ҳукуматнинг партияга нисбатан ўтказган зулмларининг радиода бир оғиз ҳам тилга олинмагани мисолида кўриш мумкин.
«Озодлик» мухолифат вакиллари учун биргина минбар бўлгани билан қадрли. Аммо унинг ҳаммага ҳам баравар эмаслиги, айрим ҳолларда бу радио баъзи радио журналистлари учун ўзларининг сиёсий жазаваларини қондириш минбари бўлиб қолгани ачинарлидир.
