Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Украинада ўзбекистонлик қочқинларга муносабат ўзгардими?
Шу йил 5-6 февралда Киевда икки ўзбек қочқини – Норбутаев Набибулла хамда Юнусов Нодир (улар “Бирлик” Партияси ва «Эзгулик» жамиятининг фаолларидир) маҳаллий милиция томонидан шахсини аниқлаш баҳонаси билан икки кун ҳибсхонада ушлаб турилган. БМТнинг Қочоқлар бўйича комиссарлиги аралашувидан кейин ҳам уларнинг ишини маҳкамага чиқаришган ва жарима солишган. Бироз илгани худди шундай чора Рафиқжон Ғаниев, Бурхон Миртожиев, Дўстназар Худойназаров, Санжар Собиржоновларга нисбатан ҳам қўлланилгани маълум бўлди.
Бугун эса, Украинанинг Қрим Автоном ўлкасида вақтинча истиқомат килаётган 6 нафар ўзбек Украина махсус хизмати томонидан ушланди. Уларнинг 4 нафари бу ерга келганидаёқ БМТнинг Қочоқлар бўйича комиссарлиги хамда Украина миграция хизматига мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишган экан. Ушланганларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, улар 2005 йил 13 май Андижон воқеаларига алоқаси борликда гумон қилинмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг барчаси Андижон воқеаларидан 5 ой аввал Ўзбекистони тарк этишган.
Ушланганлар қуйидагилар: Рауфов Бахтиёр, 1968 йилда туғилган, Қўқон, Ҳасанов Илҳом, 1972, Қўқон, Ғофуров Эркин, 1972, Қўқон, Хамзаев Ҳаёт, 1967, Қўқон, Орифжон, 1966, Қўқон, Шуҳрат, 1968, Андижон (Сўнгги икки кишининг фамилияларини аниқлаш имкони бўлмади).
Бу кунларда Украинада парламент сайловлари кампанияси авжига чиққани сабабли ўзбек қочқинларининг аҳволига сиёсатчиларнинг диққатини жалб қилиш қийин бўлмоқда. Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, табиий газ масаласида Ўзбекистонга ҳам мурожаат қилишга мажбур бўлаётган Украина ҳукумати қочқинларнинг тақдири бўйича Ўзбекистон тарафининг талабларига қулоқ солаётган бўлиши мумкин. Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, бундан бир неча кун аввал Украина президенти Юшченко Ислом Каримовни туғилган куни билан табриклаш баҳонасида унга телефон қилган ва табиий газ каби масалаларда мулоқат бошлаш хусусида оғзаки келишган.
