Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Нодира Ҳидоятова устидан суд бошланди
2005 йил декабрида камоққа олинган “Озод деҳқонлар“ партиясининг мудири Нодира Ҳидоятова устидан 23 декабрда суд жараёни бошланди. Унинг опаси Нигорани айтишича, судланувчининг адвокати ва яқинлари бундан бехабар бўлганлари учун унда қатнаша олмаганлар. Ўша куни суд мажлиси қисқа давом этган.
Аммо, бугунги суд мажлисида иштирок этганлардан биридан бошқачароқ маълумотлар олдик. Судда Нодиранинг адвокати қатнашган ва уни ҳибсдан озод этиб туриш талабини қўйган. Кутилмаганда, Нодира Ҳидоятова суд мажлисининг ёпиқ ўтказилиши ва адвокати ҳимоясига муҳтож эмаслиги ҳақида ғалати баёнот қилган (адвокати тергов жараёнида унга йўлатилмаган ҳам экан). Суд адвокатнинг талаби ва Нодиранинг баёноти тўғрисида ажрим чиқариш учун ўз ишини тўхтатган.
Нодиранинг бундай кутилмаган баёноти ҳақида гапирар экан, 5 нафар “Бирлик” фаоли устидан олиб борилаётган суд хақида тарқатилган 10 январдаги хабаримизн эслаш керак. Унда, жумладан, шундай дейилганди: “Бу суд жараёни хусусида карама карши хабарларнинг таркалишига сабаб, Фридум Хауз устидан бўлаётган судда каби, айбланувчиларнинг (яъни бирликчиларнинг) ўзи ва адвокатлари суднинг бошланишини хаммадан беркитишлари, суд жараёнини ортикча ошкор килмасликка интилишлари бўлди”.
Нодира Ҳидоятова Ўзбекистон ЖКнинг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар“ тўгрисидаги 7 моддаси ҳамда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкоралаштириш (легаллаштириш)“ деган 243-моддаси билан айбланмоқда. Бу модда судланувчини 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Кузатувчилар судланувчининг баёнотига муносабат билдириб, Ҳидоятова билан “орган“лар ўртасида аллақандай келишув бўлгани, унинг хўжакўрсинга шартли жазо олиш билан қамоқдан қутулиб қолиши эҳтимолини таъкидламоқдалар
Суд жараёни пайшанба куни давом этади.
