Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Озарбайжондаги ўтказилган парламент сайловлари демократик эмас
Маълумки, кеча 6 ноябрда Озарбайжоннинг парламенти – Миллий мажлис учун сайловлар бўлиб ўтди. Бу сиёсий тадбир ўтган йилги антидемократик президентлик сайловларининг натижаларидан қониқмаганлигини очиқ ифода этган ЕХҲТ, Европа Иттифоки, Европа Кенгаши, НАТОнинг парламент ассамблеяси каби структуралар кузатуви остида ўтди.
Бугун бу ташкилотларнинг ҳаммаси алоҳида алоҳида баёнотлар эълон қилиб, бу йилги сайловларда ўтган йилдагига нисбатан ижобий ўзгаришлар борлигини тан олсаларда, умуман олганда сайловлар Европа далатларига хос бўлган демократик стандартлардан узоқ эканлигини изҳор қилдилар. Энг радикал танқид ЕХҲТ ва Европа Кенгашидан келди. Бу ташкилотларнинг баёнотида Озарбайжон демократик сайловлар ўтказиш бўйича ўзи олган мажбуриятларни бажармагани айтилади.
125 кишилик Озарбайжон Миллий Мажлисига мухолифат партиялардан фақатгина 5-6 кишининг сайлангани билдирилмоқда, 4 киши Мусават партиясидан, бир киши Озарбайжон халқ жабҳаси партиясидан. Уларнинг лидерлари Иса Қамбар ва Али Каримли парламентга сайланолмаганлар. Бу икки партия Озарбайжон демократик партияси билан биргаликда “Озодлик” номли сайлов олди блоки тузган эди. Озарбайжон демократик партиясидан ҳеч ким парламентга ўтмаган.
Ҳукмдор партия бўлмиш “Янги Озарбойжон”дан Миллий Мажлисга 65-70 киши сайлангани тахмин қилинмоқда. Қолган жойларни мустақил номзодлар ва бир қатор кичик партяларнинг вакиллари эгаллаши кутилмоқда. Уларнинг ҳаммаси, ёки аксарияти ҳокимиятнинг “қўғирчоқлари”.
Саловларнинг ниҳоий натижалари эрта индин эълон қилинса керак. “Озодлик” блокига кирувчи партиялар сайловлар қайта ўтказилишини талаб қилиб 9 ноябрдан бошлаб оммавий норозилик акциялари ўтказажакларини эълон қилдилар.
Озарбайжонда сайловларнинг бундай тугаши мен учун янгилик бўлмади, дейди бу хусусда “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат. Программаларида қандай фарқ борлигини ўзлари ҳам тушунтириб беролмайдиган мухолифат партияларнинг сайлов олди блоки ҳам уларга сайловда ёрдам бермади. Бу бизга ҳам сабоқ бўлиши керак. Ўзбекистонда ҳам бир қатор мухолифат партияларнинг бир биридан ҳеч фарқи йўқ. Шундай экан, бугунги шартлар остида, кучли ва мудҳиш диктатура қаршисида бир кучли партияга бирлашишдан бошқа йўлимиз йўқ. Бир биридан фарқи бўлмаган партиялар битта партияга билашмасалар, одамлар уларнинг қоғоздаги сайлов олди бирлашишларига ҳеч қачон ишонмайдилар. Мен аминманки, ўзбек мухолифати ҳокимият билан кураша олишини амалий ишлар билан кўрсатган “Бирлик” Партиясида бирлашибгина мавжуд ҳокимият билан рақобат қилаоладиган кучга эга бўлади. Бошқалар якка ўзлари ҳеч нарса қилолмадилар, қилолмайдилар ҳам.
