Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
«Бирлик» фаоллари устидан тергов тугатилди, иш судга оширилиш арафасида
Бугун Андижон вилояти Марҳамат тумани Ички ишлар бўлими терговчиси М.Аҳмедов шу йил май ойи охири ва июнь-июль ойларида қамалган «Бирлик» партияси фаоллари Ҳамдам Сулаймон (партия раисининг ўринбосари), Акбар Орипов (партиянинг Андижон вилояти ташкилоти раиси) , Мусожон Бобожонов (партиянинг Мархамат туман ташкилоти раиси), Нурмуҳаммад Азизов (айни замонда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли) , Дилмурод Муҳиддинов (айни замонда «Эзгулик»нинг Мархамат туман бўлими раиси), Муҳаммадкодир Отахонов (айни замонда Шахс хуқуқи ҳимояси комитетининг фаоли, 1 ойча аввал яшаётган жойидан кетмаслик хусусидаги тилхат билан озод қилинган) устидан очилган жиноий иш бўйича терговларни тамом қилганини айбланувчиларнинг адвокатларига маълум қилди.
Адвокат Сухроб Исмоиловнинг билдиришича, адвокатлар 26 октябрдан тергов материаллари ва айбнома билан танишишга бошлайдилар. Айблар иш бошланишидан бери маълум бўлган Жиноят кодексининг 159-моддаси (ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштирганлик), 158- моддаси (президентни ҳақорат қилиш), 242 модда биринчи қисм (жиноий уюшма ё унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият) ва 244 прим модданинг биринчи қисми (аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаганлик ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаганлик) бўйича қўйилган.
Бугун терговчига айблов бўйича асосий далил ҳисобланаётган «Бирлик» Партиясининг Андижон хунрезлигини қораловчи 2005 йил 15 майдаги баёноти бўйича Фарғона Давлат Университетининг фалсафа кафедраси, ўзбек адабиёти кафедраси ва жаҳон тарихи кафедраси вакиллари томонидан 2005 йил 29 майда берилган эксперт хулоса ишончсиз бўлгани учун адвокатларнинг қайта экспертиза ўтказиш талабномаси топширилди. Агарда тергов муддати расман битадиган 18 ноябргача ҳеч нарса ўзгармаса, яъни терговчи адвокатларнинг бугун берган ва келажакда беришлари мумкин бўлган талабномаларини инобатга олмаса, иш судга оширилади.
Аввалги хабарларимизда адвокатларнинг бироз оптимистик қарашларига асосланиб, иш ёпилиши ва айбланувчилар озод қилиниши мумкинлигини билдиргандик. Кўринишидан, ҳукуматнинг бу масаладаги фикри қатъий ва тамомийла бошқача – иш судга оширилади.
