“Бирлик” Партиясининг Европа Иттифоқига мурожаати

Кеча “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ва партиянинг ташқи алоқалар бўйича раис ўринбосари Пўлат Охун Европа Итифоқи Ташқи Ишлар вазирлари Кенгашининг яқинда бўладиган мажлиси олдидан Кенгаш аъзоларига партия номидан чақириқ билан мурожаат қилдилар.

Маълумки, бу мажлисда 2005 йил май ойида Андижонда бўлиб ўтган қонли воқеалардан кейин Ўзбекистон ҳукуматига қарши киритилган санкцияларнинг келажаги қайтадан кўриб чиқилади.

“Бирлик” Партиясининг “Ўзбекистон президенти Ислом Каримов демократия томон икки қадам қилиши шарт” номли чақириғида диктаторлик режимларига қарши санкциялар ва уларни дунёдан изоляция қилиш самарасиз эканлиги Куба, Ироқ ва Шимолий Корея каби давлатлар мисолида яна бир марта эслатиб ўтилади, Ислом Карим ҳукуматига ўтказилаётган ташқи босим ва Ўзбекистонни халқаро структураларга интерация қилиш биргаликда олиб бориш кераклиги алоҳида урғуланади.

Яқинда Ўзбекистонда бир неча сиёсий маҳбуснинг озод қилиниши тўғри йўналишдаги қадамдир, дейилади Чақириқда. Аммо, бу воқеани Ўзбекистон ҳукуматининрг демократияни ривожлантириш йўлидаги сезиларли қадами деб ҳисоблаш муболаға бўларди. Инсон ҳуқуқларини ҳар тарафлама ҳурмат қилиш бошлангандан кейингина Ўзбекистонда кўзга кўринадиган ўзгаришлар тўғрисида гапириш мумкин. Авваламбор, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этишларига имкон берилиши лозим. Демократик мухолифат парияларининг расмий фаолиятига йўл берилмагунча Ўзбекистонда демократик жараёнлар олға кетиши мумкин эмас.

Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада тезроқ ривожлантириш учун, дейилади “Бирлик”нинг бу чақириғида, Ўзбекистон ҳукумати энг камида қуйидаги икки қадамни қилиши шарт:

1. Расмий рўйхатдан ўтиш масаласида Адлия вазирлиги билан мулоқатларини анча олдинга олиб борган ягона мухолифат ташкилоти бўлмиш “Бирлик” Партиси рўйхатга олиниши лозим.

2. Ҳамма сиёсий маҳбуслар зудлик билан озод этилиши керак.

“Эзгулик” жамияти тарафидан тайёрланган сиёсий маҳбуслар рўйхати “Бирлик”нинг чақириғига илова қилинган.

Биз ишонамизки, дейилади Чақириқнинг сўнгида, Европа Иттифоқи ўз демократик қадриятларини геополитик мақсадлар йўлида қурбон қилмайди ва “Бирлик” Партиясининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларини ривожлантиришни давом эттиради.