Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Швеция: Ўзбекистон ҳануз авторитар давлат

Ислоҳотлар эса ҳокимиятни янада марказлаштирди.
Бу мухолифатнинг баёноти эмас. Бу – 2026 йил 26 июнда Швеция Миграция агентлиги ва Дания Иммиграция хизмати томонидан тайёрланган Ўзбекистон бўйича янги расмий ҳисоботнинг хулосаси.
Ҳисоботни диққат билан ўқиб чиқсангиз, Ўзбекистон ҳукумати учун жуда ноқулай манзара пайдо бўлади. Муаллифлар Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин мамлакатда маълум ижобий ўзгаришлар бўлганини тан олади. Аммо ҳисоботнинг асосий хулосалари бошқа:
- Ўзбекистон ҳануз авторитар давлат бўлиб қолмоқда. Сиёсий тизим Президент атрофида қаттиқ марказлашган.
- Ҳақиқий сиёсий плюрализм ва реал сиёсий мухолифат йўқ. Рўйхатдан ўтган бешта партиянинг барчаси ҳукуматга содиқ. Мухолифат партияларига эса қонуний фаолият юритишга йўл берилмайди. Натижада сайловларда фуқароларга ҳақиқий сиёсий танлов берилмайди.
- Парламент мустақил сиёсий куч эмас. Ҳисоботда у Президентга содиқ ва ижро ҳокимияти қарорларини тасдиқлаб берувчи “rubber stamp” – яъни мустақил сиёсий куч бўлиш ўрнига, ҳокимият қарорларини расман маъқуллаб берувчи орган сифатида таърифланган.
- 2023 йилги Конституция ўзгаришлари Президент ҳокимиятини янада кучайтирди. Президентлик муддати узайтирилди ва аввалги муддатларни қайта ҳисоблаш имкони яратилди. Натижада сиёсий тизимни демократлаштириш ва ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатни кучайтириш ўрнига, Президент ҳокимияти янада кучайиб, сиёсий тизим унинг атрофида янада марказлашди.
- Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги соҳасида орқага чекиниш кузатилмоқда. Танқидга тоқатсизлик кучайган, журналистлар, блогерлар ва фаолларга қарши ишлар кўпайган, ўзини ўзи цензура қилиш кенгайган.
- Ўзбекистонда танқид қилиш мумкин. Лекин ҳокимият белгилаб қўйган “қизил чизиқлар”дан ўтмасангиз. Президент ва унинг оиласи, коррупция, ҳақиқий сиёсий мухолифат, Қорақалпоғистон ва ҳокимият манфаатларига дахл қилувчи бошқа мавзуларда бу чизиқлар айниқса хавфли.
- “Қизил чизиқлар”дан ўтган танқидчиларга нисбатан давлатнинг кенг босим ва жазолаш воситалари қўлланилиши мумкин. Ҳисоботда маъмурий ва жиноий ишлар, қамоқ, “профилактик суҳбатлар”, қариндошларга босим, қора рўйхатлар, жисмоний ҳужумлар ва ҳатто мажбурий психиатрия каби усуллар қайд этилган.
- Қийноқ ва шафқатсиз муомала ҳам Ўзбекистонда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Бу ҳисоботнинг биз учун яна бир алоҳида аҳамияти бор.
Швеция ва Дания мутахассислари ҳисоботни тайёрлаш учун 2026 йилда Ўзбекистонда махсус фактларни ўрганиш миссиясини ўтказган. Улар давлат идоралари, дипломатлар, журналистлар, тадқиқотчилар, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари билан бевосита суҳбатлашган.
Ҳисоботда мен раҳбарлик қилаётган Швециядаги Association Central Asia ташкилотининг материаллари ҳам манба сифатида ишлатилган. Хусусан, ташкилотимизнинг Тошкентдаги Ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулованинг қонуний фуқаролик фаолияти учун маъмурий жавобгарликка тортилиши Ўзбекистонда мустақил фуқаролик жамияти ва фаолларга нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқий босимнинг аниқ мисолларидан бири сифатида келтирилган.
Ҳисоботда “Бирлик” ва “Эрк” ҳам алоҳида тилга олинган. Улар демократик йўналишдаги дунёвий мухолифат кучлари сифатида қайд этилиб, Ўзбекистонда тақиқлангани ва асосан муҳожиратда фаолият юритаётгани кўрсатилган.
Бу жуда муҳим.
Чунки Ўзбекистон ҳукумати йиллар давомида “ислоҳотлар”, “Янги Ўзбекистон”, “очиқлик” ва “демократик ўзгаришлар” ҳақида халқаро ҳамжамиятга гапириб келмоқда. Аммо энди Европа давлатларининг расмий миграция идоралари тайёрлаган ҳисоботда бутунлай бошқа манзара қайд этилмоқда:
АВТОРИТАР ДАВЛАТ.
ҲАҚИҚИЙ МУХОЛИФАТ ЙЎҚ.
ҲАҚИҚИЙ СИЁСИЙ ТАНЛОВ ЙЎҚ.
ТАНҚИДЧИЛАРГА БОСИМ БОР.
СЎЗ ЭРКИНЛИГИДА ОРҚАГА ЧЕКИНИШ БОР.
Бу ҳисоботни Тошкентдаги ҳокимият жиддий қабул қилиши керак. Чунки мамлакатнинг халқаро обрўси баландпарвоз баёнотлар билан эмас, фуқаролар ўз ҳукуматини қўрқмасдан танқид қила олиши, ҳақиқий мухолифат эркин фаолият юрита олиши ва халқ реал сиёсий танловга эга бўлиши билан ўлчанади.
Биз Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида фуқаролик жамияти вакиллари ва Ўзбекистон ҳокимияти билан ҳамкорликни давом эттирамиз.
Президент Администрациясида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва унинг давлат бошқарувидаги янги роли Ўзбекистонда фуқаролик жамияти билан очиқ мулоқотни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини янада кенгайтириш ҳамда демократик ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун янги имкониятлар яратади, деб умид қиламиз.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
