Жафокаш Ўзбекистонда 35 йиллик пиар қачон тугайди?

Ўзбекистонда давлат тарғиботи шундай мукаммал тизимга айланганки, унга қойил қолмай илож йўқ. Бу механизм Ислом Каримов даврида шаклланди, 26 йил давомида тинимсиз ишлади ва, мана, бугун ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ҳокимият ўзгарди, раҳбарлар алмашди, ислоҳотлар ҳақидаги шиорлар янгиланди. Аммо давлат идораларининг ҳар бир ташаббусини улкан ютуқ сифатида кўрсатиш одати ўзгармай қолмоқда.

Бунга яна бир мисол.

UzDaily нашрига таяниб тарқатилган хабарга кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигидаги 200 нафар фермердан иборат делегация Хитойнинг Нинся-Хуэй автоном районидаги Ningxia Jiubeier Agricultural Development Co., Ltd. корхонасига ташриф буюриб, сут чорвачилигини рақамлаштириш тажрибаси билан танишган.

Албатта, хорижий тажрибани ўрганишнинг ёмон жойи йўқ. Илғор технологияларни ўзлаштириш, замонавий ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш мамлакат иқтисодиёти учун фойдали бўлиши мумкин.

Аммо асосий савол: бу сафарлардан кейин нима ўзгаради?

Мустақиллик йилларида қанча вазир, ҳоким, амалдор, мутахассис ва тадбиркор хорижга бориб, илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди?

Қанча делегация Европага, Америкага, Хитойга, Японияга ва бошқа мамлакатларга сафар қилди?

Қанча меморандум имзоланди, қанча тантанали учрашувлар ўтказилди, қанча чиройли ҳисоботлар эълон қилинди?

Лекин бу сафарларнинг аниқ иқтисодий натижалари қаерда?

Масалан, Хитойга борган 200 нафар фермернинг сафари қанчага тушди? Харажатларни ким қоплади? Улар ўрганган технологияларнинг қанчаси Ўзбекистонда жорий этилади? Бир йилдан кейин бу ташрифнинг натижасини ким ва қандай баҳолайди?

Нега бундай саволларга жавоблар сафар ҳақидаги тантанали хабарлар каби кенг ёритилмайди?

Яна бир масала бор.

Хорижий делегациялар қандай шакллантирилади? Уларнинг таркибига ҳақиқатан шу соҳани биладиган мутахассислар киритиладими? Ёки айрим ҳолларда раҳбарларга яқинлик, таниш-билишчилик ва шахсий алоқалар ҳам роль ўйнайдими?

Агар давлат маблағи сарфланаётган бўлса, жамоатчилик делегация таркиби, сафар харажатлари ва унинг натижалари ҳақида тўлиқ маълумот олишга ҳақли эмасми?

Бу саволлар фақат фермерлар сафарига эмас, давлат ташкилотлари ва корхоналарининг барча хорижий хизмат сафарларига тааллуқли.

Ахир, халққа хорижда тушилган суратлар ёки имзоланган меморандумлар эмас, амалий натижа керак.

Янги технология келдими? Ишлаб чиқариш арзонлашдими? Маҳсулот сифати яхшиландими? Янги иш ўринлари яратилдими? Фермернинг даромади ошдими?

Мана шу саволларга жавоб бўлса, сафарнинг фойдаси ҳақида гапириш мумкин.

Акс ҳолда, ҳар бир хорижий ташрифни буюк ютуқ сифатида кўрсатиш оддий пиар акциясидан бошқа нарса бўлмай қолади.

Энг қизиғи, бундай тарғиботнинг тарихи кеча бошлангани йўқ.

Ислом Каримов даврида ҳам халққа «асрга татигулик ислоҳотлар», «дунё тан олган тараққиёт йўли», «беқиёс ютуқлар» ҳақида тинимсиз гапирилар эди.

Бугун ҳам давлат идораларининг расмий хабарларида ютуқлар, ташаббуслар ва истиқболли режалар кўп. Аммо оддий фуқаро бу хабарларни ўз ҳаётидаги ўзгаришлар билан солиштиришга ҳақли.

35 йилдан буён давом этаётган бу пиар мушакбозлиги қачон тугайди?

Қачон давлат идоралари ўз фаолиятини чиройли хабарлар билан эмас, аниқ натижалар билан баҳолашни бошлайди?

Қачон халққа сафарнинг ўзи эмас, унинг қанчага тушгани ва қандай фойда келтиргани ҳақида ҳисобот берилади?

Биз 70 йил Совет Иттифоқи даврида яхши кунларни кутдик. Энди мустақилликнинг 35 йилида ҳам ҳақиқий ўзгаришларни кутишда давом этяпмиз.

Яна қанча кутишимиз керак? Қиёматгача-ми?!

Бекзод Жадидий

«Бирлик» халқ ҳаракати фаоли