Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Қирғиз коррупцияси тумандан «юқори»га ўтолмаяптими? Бизда-чи?

Қирғизистонда туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи коррупцияда гумон қилиниб қўлга олинди.
Оммавий ахборот воситаларининг Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, 2026 йил 16 ноябрда Чотқол тумани ҳокими Алтинбек Сенирбаев ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи Таалайбек Турсунбаев ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ коррупция иши доирасида ҳибсга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, ноябрь ойининг бошидан Чотқол туманидаги Қуру-Тегерек ҳудудида бир гуруҳ шахслар тегишли рухсатномаларсиз олтин қазиб олиш ва сотиш билан шуғулланган.
Гумон қилинишича, туман ҳокими ва ички ишлар бўлими бошлиғи бу фаолиятга ҳомийлик қилган, олтин савдосидан тушган маблағнинг бир қисми эса уларга ўтказиб турилган.
Ҳозирча бу терговнинг дастлабки хулосалари. Гумон қилинувчиларнинг айби судда исботланиши керак.
Аммо бу хабарни ўқиб, беихтиёр ўзимиздаги аҳвол ёдга тушади.
Қўшни Қирғизистонда туман ҳокими ҳам, туман милицияси бошлиғи ҳам коррупция гумони билан ҳибсга олиниши мумкин экан.
Бизда-чи?
Бизда ҳам коррупцияга қарши кураш ҳақида кўп гапирилади. Вақти-вақти билан мансабдорлар қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалади.
Лекин асосий савол бошқа: коррупцияга қарши кураш қайси даражагача етиб боради?
Туман ҳокимигача етадими? Вилоят ҳокимигача-чи? Уларни лавозимга тайинлаган юқори мансабдорларгача ета оладими?
Ёки коррупцияга қарши курашнинг ҳам кўринмас чегараси борми?
Ахир, бизда ҳокимлар тасодифан лавозимга келмайди. Уларни юқоридаги раҳбарлар тайинлайди. Демак, ҳокимнинг фаолияти учун уни тайинлаган тизимнинг ҳам сиёсий масъулияти бўлиши керак эмасми?
Албатта, бизда ҳокимликка фақат ватанпарвар, ҳалол, кўзи ҳам, қорни ҳам тўқ инсонлар тайинланади, деб айтгимиз келади.
Уларни тайинлаётган Тошкентдаги амалдорлар ҳам худди шундай бўлса керак…
Қанийди, шу гапларни ҳазил ёки киноясиз, чин дилдан айта оладиган кунлар келса!
Коррупцияга қарши ҳақиқий курашнинг мезони фақат нечта одам қўлга олинганида эмас. Асосий мезон — қонун олдида мансаб ва мартабасидан қатъи назар, ҳамманинг тенг жавоб бериши.
Акс ҳолда, коррупцияга қарши кураш ҳақидаги баландпарвоз гаплар билан коррупциянинг ўзи ёнма-ён яшайверади.
Бекзод Жадидий
«Бирлик» халқ ҳаракати фаоли
