Учинчи Ренессанс ва қишки газ тақчиллиги: ҳар йили такрорланадиган муаммо

Ҳар йили қиш яқинлашиши билан Ўзбекистонда ўзига хос бир «анъана» такрорланади. Энергетика вазирлиги совуқ кунларда табиий газ таъминоти билан боғлиқ эҳтимолий чекловлар ҳақида аҳолини огоҳлантиради.

Мамлакатда «Учинчи Ренессанс» ҳақида баландпарвоз шиорлар янграётган бир пайтда, қишки газ таъминоти масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.

2026 йил 7 ноябрда ҳам Энергетика вазирлиги навбатдаги огоҳлантириш билан чиқди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан метан газ қуйиш шохобчалари ва айрим мавсумий истеъмолчилар фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилиши мумкин.

Бунда аҳоли хонадонлари, мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларни газ билан таъминлашга устувор аҳамият берилиши айтилди.

Албатта, совуқ кунларда аҳоли ва ижтимоий муассасаларни биринчи навбатда газ билан таъминлаш тўғри. Бунга эътироз йўқ.

Аммо асосий савол бошқа: нега газ ресурсларига эга мамлакатда ҳар йили қиш келиши билан таъминотни чеклаш эҳтимоли яна кун тартибига чиқади?

Қиш кутилмаган ҳодиса эмас

Ўзбекистонда қиш ҳар йили келади. Ҳаво совиши, иситиш учун газ истеъмоли ортиши ҳам олдиндан маълум.

Шундай экан, энергетика тизими бу мавсумий ўзгаришларга тайёр бўлиши керак эмасми?

Газ қазиб олиш, уни сақлаш, қувурлар орқали етказиб бериш ва истеъмолни режалаштириш давлат энергетика сиёсатининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Агар совуқ тушиши билан айрим истеъмолчиларга чеклов қўйиш зарурати пайдо бўлса, бу ҳолатнинг сабаблари жамоатчиликка тушунтирилиши лозим.

Газ етишмаяптими? Ишлаб чиқариш ҳажми камайганми? Қувурлар ва тақсимлаш тармоқларининг имкониятлари чекланганми? Ёки йиллар давомида етарли инвестиция киритилмаганми?

Фуқаролар бу саволларга аниқ ва ишончли жавоб олишга ҳақли.

«Учинчи Ренессанс» ва оддий инсоннинг эҳтиёжлари

Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда «Учинчи Ренессанс» пойдеворини яратиш ҳақида кўп гапиради.

Илм-фан, таълим, технология ва иқтисодий тараққиёт ҳақидаги режалар, албатта, муҳим.

Аммо тараққиётнинг ҳақиқий натижаси фақат баландпарвоз шиорлар билан эмас, оддий инсоннинг кундалик ҳаёти билан ҳам ўлчанади.

Қишда уйини исита олиш, электр энергияси ва газдан узлуксиз фойдаланиш, фарзандларини иссиқ мактабга юбориш — булар фавқулодда имтиёзлар эмас, замонавий жамиятнинг оддий эҳтиёжларидир.

Агар давлат йирик иқтисодий ва технологик мақсадлар ҳақида гапираётган бўлса, унинг энергетика тизими ҳам шу мақсадларга мос бўлиши керак.

Мен учун «Учинчи Ренессанс»нинг энг оддий синовларидан бири — қиш келганда аҳолининг иссиқлик ва энергия таъминоти учун хавотир олмаслигидир.

Газ бойликлари кимнинг манфаатига хизмат қилмоқда?

Ўзбекистон табиий газ захираларига эга мамлакат. Бироқ сўнгги йилларда ички газ қазиб олиш ҳажмининг камайиши ва хориждан газ импортининг ортиши энергетика сиёсатига оид янги саволларни келтириб чиқармоқда.

Айниқса, Россиянинг «Газпром» компанияси билан газ савдоси ва узоқ муддатли ҳамкорлик масаласи жамоатчилик эътиборида бўлиши керак.

Бу ҳамкорлик қандай шартлар асосида амалга оширилмоқда?

Газ қайси нархларда харид қилинмоқда? Шартномаларнинг муддати ва молиявий мажбуриятлари қандай? Уларнинг Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллигига таъсири баҳоланганми?

Энергетика соҳасидаги стратегик қарорлар фақат ҳукумат идоралари ва хорижий компаниялар ўртасидаги музокаралар доирасида қолиб кетмаслиги лозим.

Мамлакатнинг табиий бойликлари халқ манфаатига хизмат қилиши керак.

Шунинг учун газ соҳасидаги йирик келишувлар, уларнинг иқтисодий асослари ва узоқ муддатли оқибатлари ҳақида жамоатчиликка имкон қадар тўлиқ маълумот берилиши зарур.

Энергетика муаммоси — бошқарув масъулияти масаласи

Менимча, ҳар йили такрорланадиган қишки газ чекловлари эҳтимолини фақат об-ҳаво билан изоҳлаш етарли эмас.

Бу масала давлат бошқарувининг самарадорлиги, стратегик режалаштириш ва масъулият билан ҳам боғлиқ.

Энергетика вазирлиги фақат чекловлар ҳақида огоҳлантириш билан чекланмасдан, муаммоларнинг сабаблари ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ режаларни ҳам жамоатчиликка тақдим этиши керак.

Парламент эса бу масалалар юзасидан мустақил назоратни амалга ошириши, масъул раҳбарлардан очиқ ҳисобот талаб қилиши лозим.

Энергетика соҳасидаги йирик шартномалар, инвестициялар, газ қазиб олиш ва импорт ҳажмлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлиши муҳим.

Чунки газ таъминоти фақат бир вазирликнинг ички иши эмас. Бу миллионлаб инсонларнинг ҳаёти, иқтисодиётнинг барқарорлиги ва мамлакатнинг энергетик хавфсизлиги билан боғлиқ масаладир.

Ўзбекистоннинг энергетик мустақиллиги ҳақида ўйлаш вақти келди

Россия ва Хитой каби йирик давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик қилишнинг ўзи муаммо эмас.

Муаммо — бундай ҳамкорликнинг шартлари шаффоф бўлмаса, миллий манфаатлар етарлича ҳимоя қилинмаса ва мамлакат бир ёки бир нечта ташқи шерикка ҳаддан ташқари боғланиб қолса.

Ўзбекистон энергетика соҳасида ўз мустақиллигини мустаҳкамлаши, ички ресурслардан самарали фойдаланиши, муқобил энергия манбаларини ривожлантириши ва таъминот тизимини модернизация қилиши зарур.

Бу вазифаларни ҳал этиш учун очиқ иқтисодий сиёсат, мустақил парламент назорати ва жамоатчилик иштирокининг аҳамияти катта.

Ҳар қандай ҳукуматнинг фаолияти шиорлар билан эмас, амалий натижалар билан баҳоланиши керак.

Қиш ҳар йили келади. Аммо ҳар йили бир хил муаммоларга дуч келиш муқаррар тақдир эмас.

Ўзбекистон халқи мамлакатнинг табиий бойликлари қандай бошқарилаётганини билишга, энергетика сиёсати юзасидан очиқ ҳисобот талаб қилишга ва бу сиёсатнинг шаклланишида иштирок этишга ҳақли.

Учинчи Ренессанс ҳақида гапиришдан олдин, оддий фуқаронинг уйи қишда иссиқ бўлишини таъминлаш ҳам давлатнинг муҳим вазифаларидан бири эканини унутмаслик керак.

Бекзод Маллаев
«Бирлик» халқ ҳаракати фаоли