Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Генералнинг ўғли ва «Nepo baby»

Эски бир латифа бор.
Бир ҳарбийдан сўрашибди:
– Лейтенантнинг ўғли генерал бўлиши мумкинми?
– Йўқ, бўлолмайди.
– Нега?
– Чунки генералнинг ҳам ўғли бор!
Бу латифани бежиз эсламадим.
23 яшар қиз мамлакатдаги ҳукмрон партиянинг ёшлар ташкилотига раҳбар бўлиши кутилмоқда. Қизнинг отаси – мамлакат бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси. Онаси – бир шаҳарнинг собиқ ҳокими.
Таниш манзарами?
Гап Швециядаги Алиса Ландерхольм ҳақида кетмоқда.
Dagens Nyheter газетасининг сиёсий шарҳловчиси Аманда Сокольницки уни «Nepo baby» деб атади.
«Nepo baby» – сўзма-сўз «непотизм боласи» дегани. Бу ибора ота-онаси ёки қариндошларининг юқори лавозими, мавқеи ва алоқалари туфайли сиёсатда, давлат бошқарувида, бизнесда ёки бошқа соҳаларда имтиёзларга эга бўлган кишиларга нисбатан ишлатилади.
Газетадаги танқид Швецияда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Айрим сиёсий шарҳловчилар журналистни ёш сиёсатчига нисбатан адолатсиз муносабатда айблашди.
Алиса Ландерхольмнинг ўзи эса оилавий келиб чиқиши унга муайян устунликлар берган бўлиши мумкинлигини инкор этмаганини билдирди.
Бу баҳсда муҳим бир савол кўтарилмоқда: Алиса Ландерхольм сиёсатда ўз билими ва қобилияти туфайли юқори лавозимга эришяптими ёки ота-онасининг мавқеи ва сиёсий алоқалари унга бошқаларга нисбатан устунлик беряптими?
Аслида, сиёсатчининг фарзанди сиёсатчи, тадбиркорнинг фарзанди тадбиркор, генералнинг ўғли генерал бўлишида ҳеч қандай ғайритабиий ҳолат йўқ.
Муаммо шундаки, ота-онасининг мавқеи ва алоқалари туфайли айрим кишиларга энг юқори лавозимлар эшиги очилади, улардан ҳам қобилиятлироқ ва муносиброқ бошқа инсонлар учун эса бу эшиклар ёпилади.
Аммо непотизмнинг хавфи фақат шу билан чекланмайди.
Давлат лавозимлари, иқтисодий имкониятлар ва сиёсий таъсир қариндош-уруғчилик асосида тақсимлана бошласа, ҳокимият ва бойлик аста-секин бир оила ҳамда унга яқин доиралар қўлида тўпланиши мумкин.
Бундай жараён давом этса, бутун мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаёти бир оиланинг назорати остига ўтиб қолиши хавфи туғилади.
Бу энди оддий қариндош-уруғчилик эмас. Бу – давлат институтларининг муайян оила манфаатларига бўйсундирилиши, сиёсий рақобатнинг йўқолиши ва демократиянинг емирилиши демакдир.
Энг хавфлиси, бундай тизимда давлат билан ҳукмрон оиланинг манфаатлари бир – биридан ажралмай қолади. Қонун, суд, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви жамиятга эмас, тор доира манфаатларига хизмат қила бошлайди.
Оқибатда мамлакатнинг келажаги халқнинг иродасига эмас, бир оиланинг қарорларига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин. Бундай тизим эса эртами-кечми чуқур сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий инқироз хавфини келтириб чиқаради.
Демократиянинг энг муҳим тамойилларидан бири шуки, давлат ҳеч бир оиланинг мулки эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Швецияда бир ёш сиёсатчининг оилавий алоқалари атрофида шунча баҳс кетмоқда.
Бошидаги латифага қайтсак:
Генералнинг ўғли борлиги учун лейтенантнинг ўғли генерал бўлолмайдиган жамиятда муаммо фақат адолатсизликда эмас.
Муаммо давлат лавозимлари меросдек авлоддан – авлодга ўта бошласа, ҳокимият халқ назоратидан чиқиб, муайян оилалар қўлида тўпланиши мумкин.
Бундай шароитда демократиянинг келажаги нима бўлади?
Пўлат Ахунов
