АБДУРАҲМОН ТАШАНОВ:

Мени охирги соатларда бўлса ҳам у ерга таклиф қилишгани ижобий воқеадир. Аммо, Самарқанд форумига баҳо беришда “Ҳаракат”да бироз скептиклик бор. Келинг, фикримни асослай. Ана шу тадбирда БМТнинг турли структуралари, халқаро ташкилотлар иштирок этишди. ЕХҲТнинг Демократик Институтлари ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси директори сингари нуфузли шахсларнинг иштироки таъминланди. Улар Ўзбекистоннинг кейинги тузуми, яъни Мирзиёев ҳукуматининг жаҳон ҳамжамиятига умид бера олгани, бу борада улар бизга ёрдам беришга интилаётгани хусусида гапиришди. Сиёсий интеграцияларни ривожлантириш масаласини билвосита кўтаришди.

Билишимча, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” ҳам ана шундай сиёсий интеграция чақириғи билан келмоқда-ку!

Айтайлик, анжуман ўтказилмади, Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси юбилейи тантана қилинмади: хўш, нима бўларди? Ҳеч нима, ҳатто ҳеч ким Ўзбекистоннни бундай қилмагани учун айбламасди ҳам. Демак, ўтказилмаганидан ўтказилгани, гапирилмаганидан гапирилгани яхши. Иштирокимизга келсак, эшитишимча тадбир ташкилотчилари донорлар талаби билан бизни чақиришибди. Яъни, мазкур анжуман Британия ҳукуматининг чўнтагидан амалга оширилган.

Мендан ташқари бу ерга Жаслиқнинг 11 йиллик маҳбуси Аъзам Фармонов, Саиджаҳон Зайнобиддинов сингари мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари келди. Тўғрисини айтса, Марат Зоҳидовни қайси тоифага киритишни ҳам билмайман. Аммо, Бухородаги гуманитар ҳуқуқлари маркази директори Шуҳрат Ғаниев ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил Ташкилоти раиси Исмоил Одилов ҳам таклиф қилинганидан хабарим бор.

Бу ерга Халқаро Амнистия, Ҳьюман Райтс Уотч, Ҳьюман Райтс Партнершип сингари доим Ўзбекистон ҳуқуматини танқид қилиб келадиган ташкилотларнинг вакиллари ҳам келишди. Улар сиёсий маҳкумларни реаблитация қилиш, яъни бутунлай оқлаш масаласини кўтаришди. Бундай талаблар аввалги йиғинларда кун тартибига қўйилмаган.

Бундан ташқари, ҳукумат билан бир стол атрофида ўтирдик. Назаримда, улар ҳам “мустақил”ларнинг душман эмаслигини, вазиятдан бизнинг кескин танқидларимзни қабул қилмасдан чиқиш мумкин эмаслигини тушунишган чоғи, биз билан илиқ гаплашишди.

Жойи келгани учун эслатаман, шу йилнинг 21 ноябрь куни Тошкентда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистонда катта йиғини ўтган ва бу ерда ҳам фуқаролик жамияти вакиллари ҳукумат аъзолари билан бир панелда ўтиришганди. Тасаввур қилинг, Елена Урлаева, Аъзам Фармонов, Бош вазир ўринбосари ва вазирлар бир минбарда бўлишди. Айтайлик, тирноқ остидан кир қидирилса, “ҳа, нима бўпти” дейиш ҳам мумкин. Лекин ҳамма жараёнларнинг кичик қадамлардан бошланишини унутмаслик керак.

Хуллас, Самарқанд Форуми кўп жиҳатдан фойдали бўлди. Энг камида муаммоларни айтиб олиш, халқаро ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш нуқтаи назаридан.