Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Эзгулик”: Ҳукумат ўз сиёсатини ислоҳ қилмоқчи эмас!
“Эзгулик” жамиятининг навбатдаги пресс-релизи № 4 (27.01.2009) кеча сайтимизда берилган хабар билан боғлиқ. Хабар – Тошкентдаги 64/18-сонли қамоқхона маъмурияти ҳуқуқ ҳимоячиси Алишер Кароматовни соғлиғи ёмонлигига қарамасда озод қилмаётганлиги ҳақида эди.

Ғарб билан муносабатлар илиқлаша бораркан, кўпчилик кузатувчилар Ўзбекистондаги сиёсий вазиятнинг яхши томонга ўзгаришини, ҳукумат демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида позитив қадамлар қўйишини тахминлаганди, – дейилади “Эзгулик”нинг ҳужжатида. – Бироқ янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ сиёсий маҳбусларга муносабат асносида қувонишга ҳали эрта экани кўриниб қолди. Модомики, воқеалар шу тариқа ривожланаркан, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари, хусусан, сиёсий маҳбусларга муносабат борасида ўзини ислоҳ қиладиган кўринмайди.
Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарида ётган “Қуёшли Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоллари Норбой Холжигитов ва Аъзам Фармонов, “Эзгулик” жамияти фаоли Абдурасул Худойназаров, таниқли ёзувчилар Юсуф Жума ва Мамадали Махмудовга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлинаётгани, мана энди Алишер Кароматовга муносабат ҳукуматнинг бу борадаги сиёсати ўзгармаслигини кўрсатди.
“Эзгулик” жамияти ўз баёнотининг сўнгида Ўзбекистон Бош прокуратураси, ИИВнинг Жазони ижро этиш Бош бошқармасини Алишер Кароматовнинг аҳволини ўрганишга чақиради ва маҳбусни сўзсиз озод қилишни сўрайди.
Шу муносабат билан, дейди мухбиримиз, сайтимизда кеча айтилган фикрни қайтариш ўринли бўларди: “Бирлик” Партиясининг раҳбарлари кўп марта таъкидлагандек, мавжуд ҳокимиятни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилоладиган даражада кучга эга бўлган мухолифат яратилмагунча, давлат идораларининг ишида ҳеч нарса ўзгармайди. Бироқ, бу ҳақиқатни, оддий одамларни қўйиб туринг, ҳуқуқ ҳимоячиликка даъво қилаётганларнинг кўпчилиги ҳам тушунмаётгани – муаммоларнинг асосийларидан биридир.
“Эзгулик” пресс-релизининг тўла матни билан жамиятнинг сайтида танишиш мумкин –
