Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Европа Иттифоқи кўп масалаларда “Бирлик” таклиф этган йўлдан бормоқда
Ўтган асрнинг 50-чи йилларида бошланиб, СССРнинг парчаланиб кетиши билан тугаган совуқ урушнинг асосий қуроли/усули – СССР ва унинг иттифоқчиларига қарши санкциялар киритиш ва уларни Ғарбдан изоляция қилиш бўлганди. Лекин энди замон ўзгарди.
Ҳозир янги совуқ уруш бошланар экан, Ғарбнинг Белорусия ва Ўзбекистон каби давлатларга қарши санкцялар киритиш ва уларни Ғарбдан изоляция қилиш сиёсати фойдасиз бўлишини биринчи бўлиб “Бирлик” Партияси гапирганди. Европа Иттифоқи ва НАТО ҳам буни тушунишга бошлади. Энди Ўзбекистон ва Белорусияни изоляция қилиш ўрнига, уларни демократик дунёга интеграция қилиш сиёсатига афзаллик берилмоқда. Бундай сиёсат – бу икки мамлакатда демократик мухолифат ҳали кучсиз эканлиги, бу мамлакатларни Ғарбга интеграция қилиш айнан демократларга ёрдам беришини ҳам ҳисобга олмоқда.
Ҳозир Ғарб бу сиёсатини Россияга қарши феълан бошланган совуқ урушда ҳам самарали ишлатишга бошлади. Кечагина НАТО Украина ва Гуржистонни Россиянинг таъсир доирасидан чиқариб олиш учун, бу икки мамлакат билан алоқаларни мустаҳкамлашга қарор қилиб, уларни келажакад ўз сафига олиш хусусида ваъда ҳам берганди.
Бугун Европа Иттифоқи ҳам шу каби қадам қилди. Дунё оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бу альянс Украина, Гуржистон, Арманистон, Озорбайжон, Молдава ва Белорусия билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларга молиявий ёрдам бериш, савдо масалаларида турли имтиёзлар яратиш ва бу мамлакатларнинг фуқароларига ЕИга кириш-чиқишни осонлаштиришга қарор қилган. Бу ишларни амлага ошириш учун “Шарқий ҳамкорлик” номли махсус программа ишлаб чиқилган. Демак, бу мамлакатларни келажакада Европа Иттифоқига таклиф қилиш учун жиддий қадамлар қилинмоқда.
Табиий, НАТО ва ЕИ бу каби қадамлари Россияга ёқмаслигини билиб туриб шундай қилмоқдалар. Ҳозирги шартлар остида, Ғарбнинг бу танлаган йўли санкциялардан ва изоляционизм сиёсатидан самаралироқ бўлади.
Хуллас, Россиянинг бутун урунишларига қарамасдан Европанинг таъсир доираси кенгаймоқда. Унинг кейинги қадамининг мақсади Марказий Осиё бўлади.
