Тоғбой Раззоқ: Мен “Бирлик”даман, ҳаммани “Бирлик”да бирлашишга чақираман

“Бирлик” халқ ҳаракати тузилган кунлардан бери унинг аъзоси бўлган Андижонлик Тоғбой Абдураззоқ, 2003 йилда бу ташкилот “Бирлик” Партиясига айлантирлгандан кейин, унинг фаол аъзоси бўлиб келмоқда. У ҳар доим мавжуд режимнинг тазйиқлари остида яшади, аммо ўз эътиқодидан чекинмади, мамлакатимизда демократияни ривожлантириш мақсадида ўз сафдошлари билан доимий курашда бўлди.

Андижон воқеаларидан кейин ҳукуматнинг қонхўрлигини очиқча қоралаган Тоғбой Раззоқ аввалгисидан ҳам кучли тазйиқ остида қолди ва қамалиш хавфи остида Бишкекка келиб БМТнинг қочқинлар билан шуғулланувчи органларига мурожаат қилди. Ҳозир Канаданинг Торонто шаҳрида яшайди.

Тоғбой Абдураззоқ шу кунларда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатга телефон қилиб, ўзи ҳар доим “Бирлик”чи бўлганини ва шундай бўлиб қолишини таъкидлаб, ватанни тарк этгандан кейин, ташқарида яшовчи муҳожир-демократлар орасидаги муносабатларни яхши тушунмагани сабабли, баъзи ўзбекча сайтлар билан ҳамкорлик қилишга бошлаганини гапирди. Ҳозир, деди у, бу сайтлар орқасидаги ўзини мухолифатчиман деб эълон қилиб юрган одамлар амалда ҳеч нарса қилмасдан, йиғи-сиғи билан шуғулланишдан ташқари, мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясига тош отишни касб қилиб олишганлигини тушуниб қолдим.

Мен ҳар доим мухолифатни бирлаштириш тарафдори бўлганман, ҳамма чиқишларимда шуни гапирганман, аввалги низоларни унутиб, ҳамма кучларни бирлаштириш тарафдори бўлганман. Аммо, охирги пайтда Сизнинг фикрингиз тўғри эканлигини тушуна бошладим. Эски низо-хатолардан тўғри сабоқ чиқарилмаса, ҳеч қачон илгари кетиб бўлмас экан. Лекин, бошқа гуруҳлар, айниқса, катта хатолар қилганлар, буни ҳали ҳам тушунишмаяпти.

Шундай экан, бугун мухолифатни унинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясида бирлаштириш бирдан-бир тўғри йўлдир. Мен бундан кейин “Бирлик”да фаолиятимни кучайтираман, унинг сайтлари билан ишлайман ва ўзбек демократик мухолифатини “Бирлик” Партиясида бирлаштириш ғоясини тарғибот қиламан.