Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Абдураҳим Пўлат: АҚШ демократларининг қурултойидан ўзбеклар ҳам сабоқ олиши керак
Кеча АҚШнинг Колорадo штатининг маркази Денверда, маҳаллий вақт билан ярим кечаларда, Демократик Партиянинг сайлов олди қурултойи иккинчи иш кунини тамомлади. 4 минг атрофида делегатлар ва 15 мингдан кўпроқ партия фаоллари иштирокида ўтказилаётган бу анжуман жуда пухта ва замонавий усуллар билан тайёрланган муҳташам театр спектаклини эслатади.
Муҳим сиёсий қарор – партиянинг президентликка номзоди белгиланадиган қурултойнинг бундай ўтказилиши ножиддийлик белгиси эмас. Чунки, номзод ким бўлиши бошланғич сайловлар, яъни праймериз ва кокусларда аллақачон аниқлаб бўлинган.
Бу қурултой-спектаклнинг мақсади – АҚШ халқига партиянинг бирлик-баробарлигини кўрсатиш, партиянинг номзоди Барак Обаманинг сайловолди программаси АҚШнинг бугунги эҳтиёжларига жавоб беришини, республикачиларнинг номзоди МакКейин АҚШни ҳозирги оғир аҳволдан чиқара олмаслигини намойиш қилиш. Яъни, халқни Обама учун овоз беришга ундаш.
Мажлислари кечқурун бўладиган қурултойнинг биринчи куни Обаманинг турмиш ўртоғи (ёнида икки боласи ҳам туришарди) ҳам нутқ сўзлаган бўлса, кеча сенатор Эдвард Кеннеди, бир қатор штатларнинг губернаторлари ва ярим кечага яқин Хиллари Клинтон нутқ сўзлади.
Демократларнинг позицияси ҳар томонлама ёритиб берилган Хиллари Клинтоннинг нутқини энг қисқа шаклда шунда ифода қилиш мумкин: “Ҳозирги президент Бушнинг барбод 8 йиллигини яна 4 йилга чўзишни мўлжаллаётган МакКейнга эмас, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида буюк ўзгаришлар қилиб, Американи ҳозирги турғунликдан (стагнациядан) олиб чиқа оладиган Барак Обамага овоз беринг.”
Клинтоннинг ҳам бошқа нотиқларнинг нутқлари ҳам расмиятчилик стандартларидан узоқ бўлиб, кўпроқ кўча митингларидаги оташин чиқишларни эслатарди. Айнан шундай чиқишлар ҳалқнинг юрагига етиб боришини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Энг қизиғи, Барак Обаманинг ўзи ҳали қурултойга келмаган. У аввалги куни ўз хотинининг ҳам кеча Клинтоннинг ҳам нутқларини телевизор орқали бошқа штатларда кезиб юрган пайтида кузатиб бораётгани ҳам телеянгиликларда кўрсатилмоқда. Бугун қурутойда асосий нотиқларда бири собиқ президент Билл Клинтон бўлади. Эртага, қурултойнинг сўнг куни, Барак Обаманинг ўзи ҳам келиб нутқ қилади.
Менинг асосий принципларимдан бири – дунёдаги ҳамма воқеаларга Ўзбекистон манфаатлари призмаси орқали қараш. Демократларнинг қурултойини ҳам шу нуқтаи назардан кузатмоқдаман. АҚШ Демократик Партиясининг қурултойидан чиқарилиши керак бўлган асосий хулоса шундай.
Собиқ рақиблар сайловларда партия ва мамлакат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўядиган, миллат олдидаги маъсулиятларини унутмайдиган сиёсатчи эканликларини намойиш қиладилар.
Матбуотга сизиб қолаётган хабарлардан маълумки, Хилари Клинтоннинг артофидаги одамлари қурултойда Обамани қўллаб қувватламасдан, праймериз ва кокусларнинг натижалари ўзларининг фойдасига бўлмаса ҳам, қурултойнинг ўзида Клинтонни номзодликка ўтказиш учун ҳаркат қилиш керак, деб ҳисоблайдилар.
Шундай қилинса эди, партия ва унинг номзоди сайлов олдида анча кучсиз бўлиб қолган, партия оёғига болта урилган бўларди.
Буни тушунушдан ҳам кўпроқ ўз партиянинг тепкисидан қўрққан Хиллари Клинтон ўз тарафдорларини Барак Обама учун овоз беришга чақирди. Бу мажбурий олижанбликка шу каби мажбурий олижаноблик билан жавоб берган Барак Обама, қурултойнинг сўнгида президентликка номзод сайланганда, Хиллари Клинтоннинг номи ҳам номзодлар рўйхатига киритилишига розилик берган.
Ўзбекистон расмийларини ўз сиёсатларида миллат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўйишга, маъсулиятли бўлишга чақириш фойдасиз эканлигини айтиб ўтириш ортиқча. Чунки Ўзбекистонда сиёсатчиларга миллатнинг тепкисини кўрсатиш механизмлари мутлақо йўқ. Мавжуд режим диктаторлик, сайловлар сохтакорлик, расмий партиялар масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
Шу сабабли демократик мухолифат фаолларига, айниқса, чет элларда яшаётган мухолифатчиларга мурожаат қилмоқчиман.
Ўзбекистондаги сиёсий вазият Россия-Гуржистон урушидан кейин яна ҳам демократиядан узоқлашиши турган гап. Демак, вазифамиз яна ҳам қийинлашади, аҳволимиз яна ҳам оғирлашади. Бирлашиш – биз учун тирик қолишнинг ягона йўлидир. Аммо, ўзимизни қўйиб туринг, Россия ва Озорбойжондаги воқеалар ҳам кўрсатмоқдаки, турли типдаги коалицияларга бирлашишнинг келажаги йўқ.
Шулардан келиб чиқиб, ҳаммани Андижон воқеаларидан кейин қайтадан оёққа туриш потенциали борлигини кўрсатган, шу оғир шароитда Ўзбекистонда реал фаолият олиб бораётган, ички ва ташқи сиёсатга доир таклифларини демократик дунёнинг эътиборига етказолган ягона ташкилот – “Бирлик” Партиясида бирлашишга яна бир марта чақираман. Миллат ва мамлакат манфаатларини ҳар нарсадан юқори қўйишга тайёр бўлган, миллат олдидаги маъсулиятини унутмаган ҳар бир одам шундай қилиши шарт.
Аминманки, бундай чақириқдан юз ўгирганлар, “Бирлик” Партиясининг Ўзбекистон ичидаги фаолиятига, Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатдан куч билан депортация қилинган Пўлат Охуннинг тақдирига кўз юмиб келаётган турли ўзбек тилидаги сайтлар, “Озодлик”, “Америка Овози”, ББСдаги ўзбек журналистлари вақти келиб ўзбек халқининг лаънатига қоладилар, бир маҳаллар Каримовга хизмат қилиб “Бирлик”ни парчалаган 53-54-чиларнинг аҳволига тушириладилар. Чунки, ўз манфаатларини миллат манфаатларидан юқори қўйганларга тепки кўрсатолган, уларни жазолайолган халқгина халқ бўлолади, у шундай қилсагина қулликдан чиқолади.
