Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Швеция газетасида яна Пўлат Охуннинг масаласи кўтарилди
“Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг оила аъзолари яшайдиган Швециянинг Хельсинборг шаҳрида чиқадиган «Helsingborgs Dagblad» газетасининг 25 апрель сонида бир мақола эълон қилинди. Унда Пўлат Охуннинг бир йилдан бери Ўзбекистонда паспортини аламаштиролмаётгани ва бунинг атрофидаги можаролар тилга олинган. Мухолифатчининг оила аъзолари бир йилдан ошган вақт ичида у билан кўришиш имкониятидан маҳрум қилинганлари ва Швеция ҳукуматининг ёрдамига муҳтож эканликларини билдириб, бу мамлакатнинг Ташқи ишлар вазири Карл Билдтга мактуб йўллаганлари ҳам мақолада ёзилган.
Маълумки, бугун-эрта Карл Билдтнинг ҳам иштирокида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Кенгаши Люксембургада ўтказилади. Бу Кенгашнинг кун тартибида Ўзбекистон ҳукуматига қарши киритилган санкцияларнинг тақдири масаласи ҳам бор. ЕИ санкцияларни йўқ қилиш учун Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, демократияни ривожантириш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашни талаб қилмоқда.
Яқинда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ҳам Карл Билдтга хат билан мурожаат қилиб, Пўлат Охун масаласини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича бошқа масалалар билан ЕИ ташқи ишлар вазирлари Кенгашида кўтаришни сўраган эди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Швеция газеталарида Пўлат Охуннинг паспорти атрофида бўлаётган воқеалар бўйича бир неча мақола эълон қилинган. Швеция ташқи ишлар вазири буларни ҳисобга олиши ва Люксембургдаги йиғилишда маълум қадамлар қилиши кутилмоқда.
