Сайлов комиссиясининг қарорида шикоятга ўрин бор! (“Эзгулик” жамиятининг Пресс-релизи, № 67, 20 октябрь, 2007 йил)

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тузилгандан бери сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни асосий вазифаси, деб ҳисоблаб келган. Чунки, шахсларнинг ва уларни бирлаштирувчи партияларнинг сиёсий ҳуқуқлари таъминланмаган жамиятда демократик жараёнларни ривожлантириб бўлмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон Декларациясининг узвий қисми бўлган шахс ҳуқуқи ва унинг сиёсий манфаатлари, қарашларини ифода этишни амалда таъминлаш – давлатнинг вазифасидир. Аммо, минг афсуски, Ўзбекистондаги мавжуд ҳокимият нафақат ўз фуқаррлоарининг сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилмаяпти, балки, уларнинг топташ билан машғул бўлмоқда.

Жамиятимизга мурожаат этган бир гуруҳ фуқаролар, уларнинг асосий қисми Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун бир неча йилан бери кураш олиб бораётган “Бирлик” партияси фаоллари, ўзларининг президентлик сайловолди кампаниясида иштирок этишга бўлган фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари топталганидан шикоят қилишди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар, Боғкўча, 20-23 уйда яшовчи Ҳайит Абдуллаев бошчилигидаги бур гуруҳ фуқаро Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига (МСК) мурожаат этиб, Сайловчилар Ташаббус Гуруҳини (СТГ) тузиш учун комиссиядан махсус рухсатнома (мандат) сўрашган. Аризага СТГ тузиш бўйича Ташкилий гуруҳ мажлисининг баёни ҳам илова қилинган.

Яна маълум бўлишича, Ҳайит Абдуллаев шу йил 18 сентябрь куни МСКда бўлганида, бу ташкилотнинг раис ўинибосари Шуҳрат Полвонов СТГ мажлисини ўтказиш учун махсус рухсатнома олиниши кераклигини, аммо бу каби масалалар билан сайлов кампанияси расман бошлангандан кейингина шуғулланиш мумкинлигини айтган.

21 сентябрда сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинди. Аммо, 28 сентябрда ҳам Шуҳрат Полвонов Ташкилий гуруҳнинг ҳужжатларини олишдан бош тортиб, СТГ мажлисида президентликка номзод қилиб кўрсатилиши кўзда тутилаётган Абдураҳим Пўлат шахсан МСКга келиши кераклигини билдирган. Шундан кейин, Ташкилий гуруҳ фаоллари ўз ҳужжатларини почта орқали МСКга юборишга мажбур бўлишган.

МСКнинг почта орқали Ҳайит Абдуллаевга юборган 8 октябрдаги жавоби 13 октябрда эгасига етиб келган. Комиссияси аъзоси Адилов имзоси билан берилган жавоб хатида Ташаббус гуруҳининг мажлиси сайлов кампанияси бошланмасидан илгари ўтказилгани баҳона қилиниб, унинг ҳужжатлари қабул қилинмаслиги билдирилган. Ваҳоланки, қонунлар СТГ мажлисини ўтказиш муддатинигина белгилайди, Ташаббус гуруҳ мажлисининг қачон ўтказилиши ҳеч бир қонунда белгиланмаган.

Демак, Марказий сайлов комиссияси СТГ мажлиси ўтказишга тайёрланаётган Ўзбекистон фуқароларининг аризасининг мазмуни, унда қўйилган талабни идрок этмай, юзаки жавоб бериш билан чекланган. Бунинг устига, Марказий сайлов комиссияси тўғридан-тўғри мулоқот қилишдан қочиб, яъни фуқароларнинг аризасини қўлдан қўлга олмасдан, почта орқали ёзишма қилган ва натижада СТГ мажлисини ўтказиш учун қонунда белгиланган қисқа вақт ўтиб кетган. Шундай қилиб, сони 300 дан ошиқ бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари, аниқроғи, президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқлари бузилган.

“Эзгулик” жамияти мазкур иш тафсилотларини ўрганиш чоғида бир қатор қонунбузарликлар, сайлов комиссияси маъмуриятининг хизмат мавеига нисбатан совуққон муносабатда бўлаётгани ҳолатига дуч келди. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясига фуқароларнинг кириши эркин эмаслиги, аризаларнинг қабул қилинмаслиги, комиссия аъзоларининг фуқаролар сўровига нисбатан қўрс ва дағал муомала қилишлари шулар жумласидандир. Ваҳоланки, халқимиз, миллатимиз келажаги олдидаги масъулиятли кунларда МСК аъзолари ўз бурчларини сидқидилдан адо этишлари зарур.

Жамиятимиз юқорида тилга олинган фуқароларнинг сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлари камситилиши юзасидан масъул идоралари изоҳ беришлари лозим, деб ҳисоблайди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қисқа муддатда МСК раисининг ўрибосари Полвонов ва комиссия аъзоси Адилов томонидан йўл қўйилган қўпол хатога жавоб бериши лозим. “Эзгулик” бу масала бўйича суд оргаганларида ҳам шикоят иши очади ва адолат ғалабаси учун курашади.