«Эзгулик» фаоллари Европа ҳамжамияти эътиборини Варшавада Ўзбекистонга қаратди

Шу кунларда Польша пойтахти Варшавада Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг йиллик саммити бўлиб ўтаётгани ҳақида аввал хабар қилгандик. Мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман), Тошкент шаҳар Адвокатлар ассосиацияси, Ноҳукумат-нотижорат ташкилотлар ассосиацияси сингари ҳукумат ташкилотлари билан бирга инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ва кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат тарафидан тузилганини иддао қилаётган ГБР (Группа Быстрого Реагирования) фаоллари ҳам иштирок этишмоқда.

Бу ердаги тадбирларда қатнашиш учун Варшавага келишни режалаштирган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат паспортининг муддати тугагани сабабли келолмади. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси унинг янги паспорт бериш ҳақидаги мурожаатларини ҳозирча жавобсиз қолдирмоқда.

Мухбиримизнинг хабар қилишича, кечаги мажлисда ГБРчи Абдусалом Эргашев чиқиш қилиб, йиғилганларнинг эътиборини Ўзбекистондан нон излаб Қозоғистон ва Россияга йўл олган мардикорларнинг ҳуқуқларини камситилишига қаратди. Аммо Эргашев мазкур аҳволни юзага келтираётган омиллар, Ўзбекистондаги иқтисодий инқироз ва ишсизлик, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг топталиши каби масалаларни умуман тилга ҳам олмади.

Шундан сўнг Қозоғистон ва Россия Федерацияси вакиллари Абдусалом Эргашевнинг иддаоларини муҳокама этиб, унинг бир ёқламалигига, мазкур мамлакатлар миграция хизматлари ўзбекистонлик мардикорлар оқими масаласида муаммоларга дуч келаётганини айтишди. Ўзини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти (раиси – Арздинов) фаоли деб таништирган Абсалом Эргашев, афсуски, ўз шаънига айтилган ҳақли эътирозларни эшитмасдан чиқиб кетди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан юборилган расмий вакиллар ҳам мамлакатдаги айрим «жузъий» камчилик ва муаммоларни тилга олиш билан чекланишди.

Ўзбекистондаги суд эркинлиги юзасидан маъруза қилган «Эзгулик» раҳбари Васила Иноят мамлакатда судлар сиёсий буюртмаларни қонунлаштириб берувчи муассасага айланиб қолганини мисоллар билан исботлаб берди. Шунингдек, Ўзбекистон Парламенти раҳбари Эркин Халиловнинг беш ўспиринни Жаслиққа жўнатгани ҳақидаги факт анжуман иштирокчиларини ҳайратга солди (бу ҳақда аввалги хабарларимизда ҳам маълумот берилган).

Бугунги мужлисда демократик сайловлар ва шахснинг сиёсий ҳуқуқлари мавзуида чиқиш қилган Васила Иноят «Бирлик» Партиясининг бу йил бўладиган президент сайловида иштирок этишга тайёрланаётганини алоҳида урғулади, умуман, Ўзбекистонда шахснинг сиёсий ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга нисбатан халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус панжа ортидан қараб келаётганини таъкидлади.

Васила Иноятнинг бу чиқишидан ҳукумат вакиллари талвасага тушишибди ва дарҳол Тошкентга қўнғироқ қилишибди. Бу ҳақда ҳамкасбларига шипшитган ҳукуматпараст ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири «Эзгулик»чилардан эҳтиёт бўлишини сўради.

Кейинги мажлисларда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг сўз эркинлиги ва Васила Иноятнинг Омбудсман институти ҳақидаги чиқишлари бор.