Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Европа Иттифоқияга мурожаати ҳақида

Ўзбек ва рус сайтларида ўзини “Ҳуқуқ ҳимояси платформаси” деб атаган бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячиларининг Европа Иттифоқига мурожаати эълон қилинди. Унда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва демократининг йўқлигига оид тўғри мулоҳазалар билдирилади, Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, сиёсий сабаблар билан қамалганларни озод этишни талаб қилиш кераклиги айтилади.

Умуман олганда тўғри йўналишда бўлган бу мурожаатнинг 3 буюк камчилигини айтиш лозим.

Биринчи. Куба, Ироқ ва Жанубий Корея каби мамлакатлар дунё тарафидан тўла изоляция қилиниб, қаттиқ санкциялар остида қолдирилишларига қарамасадан, у мамлакатларда ҳеч нарса ўзгармаганини ҳисобга олмаган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилар Европа Иттифақидан Ўзбекистонга қарши киритилган ва ҳеч бир амалий аҳамияти бўлмаган косметик санкцияларни давом эттиришни сўрашлари ножиддийликдир. Бу нарса мурожаатчиларни дунёдан хабарсиз одамлар каби кўрсатмоқда.

Иккинчи. Маълумки, ўзбек мухолифатининг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси фақат санкция ва изоляциянинг фойдаси бўлмаслигини аргументлар билан асослаб, Ўзбекистонни дунёга, хусусан, демократик структураларга интеграция қилиш муҳимлигини гапирмоқда. Партия раиси Абдураҳим Пўлат ва унинг ўринбосари Пўлат Охуннинг ўтган йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи Бош Комиссари Соланага ёзган хатида айнан шу масалалар кўтарилганди. Шу йил 16 январда жаноб Солананинг маслахатчиси Энрика Морадан олинган жавобда мухолифат партиясининг позицияси Европа Иттифоқининг позициясига жуда яқин эканлиги таъкидланади ва бу масалалр бўйича мулоқатда бўлиш таклиф қилинади.

Шундай экан, “Ҳуқуқ ҳимояси платформаси”нинг мақсади бу масалаларда ўзбек демократлари ичида умумий фикр йўқлигини кўрсатишга ҳам интилишдек бўлиб кўринмоқда.

Учинчи. “Ҳуқуқ ҳимояси платформаси”нинг мурожаатида ўзбек демократларининг роли мутлақо ёритилмаган, бу гуруҳ ўзини йиғи-сиғи билан шуғулланувчи одамлардан иборат эканлигини намойиш қилган. Яқинда Ўзбекистонда президент сайлови бўлиши, ҳар қандай сайлов мавжуд вазиятни ўзгартириш учун бир шанс эканлигини тушунмаган мурожаат муаллифлари, Европа Иттифоқининг диққат-эътиборини сайловларга тортишдек оддий нарсани ҳаёлларига ҳам келтирмаганлари уларнинг аёнчли савиясини кўрсатади.

Кўринишида, бу мурожаатнима ёзганларнинг биргина мақсади бўлган, у ҳам бўлса ўзларини фаолият олиб бораётгандек қилиб кўрсатиш ва Ўзбекистон режими истаётганидек, демократик мухолифат билан ҳуқуқ ҳимоячиларини бир-биридан узоқда тутишга, яна ҳам тўғрироғи, сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилишдан узоқроқ туришга интилиш. Мурожаатга имзо отганларнинг кўппчилиги чет элларда яшовчи одамлар бўлгани сабабли, уларни тушуниш мумкин. Агар улар ўз энергияларини президент сайловида иштирок этиш учун ҳаракат қилаётган «Бирлик» Партиясининг вилоят ташкилотларига ёрдам беришга сарфласалар эди, фойдалироқ бўларди.