«Бирлик» фаолларининг баёноти

ЎЗБЕКИСТОН ДЕМОКРАТЛАРИ НОЖИДДИЙ УРИНИШЛАРГА УЧМАСЛИГИ КЕРАК

18 сентябрь 2007 йил

“Бирлик” халқ ҳаракати сиёсий майдонда ўз позицияларини мустаҳкамлаш, сиёсий куч сифатида жамиятда ўз ўрнини топиш ва халқимизни мустабид тузум исканжасидан халос этишга ҳисса қўшиш ниятида сиёсий партияга айлантирилганди. 2003 йилда Қўқонда ўтказилган партия Қурултойида унинг яқин келажакдаги стратегия ва ҳаракат режаси белгиланиб, мамлакатдаги ягона сиёсий мухолиф ҳаракат ўлароқ фаолияти қайта ташкил этилган.

Орадан ўтган тўрт йил мобайнида “Бирлик” ўзининг реал сиёсий мухолиф куч эканини намоён қилиб, 2004 йилдаги Парламентга ўтказилган сайловларда иштирок этишга ҳаракат қилди. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиш учун 21000 кишидан иборат тарафдорларнинг имзоларини ҳукуматга тақдим этди. Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий майдонда кураш олиб бориб, мамлакатда ҳукуматга реал мухолиф куч борлигини кўрсатди. Энди эса бу йил бўладиган президент сайловида ўз номзоди билан иштирок этиш, бутун фаолият давомида халқимизнинг эрки ва иродасига таянишни мақсад қилган.

Бироқ яқинда 14 нафар мухолифат вакилининг интернет тармоғида эълон қилган “Бирлик” халқимизнинг тарихи, тарихни эса йўқотиб бўлмайди!” номли сохта чақириғи сайлов арафасидаги мухолифатга қарши кутилмаган зарба сифатида режалаштирилган бўлса ҳам, биз уни фаолият ташқарисида қолган кишиларнинг аламзадалик ва ножиддийлик ҳаракати сифатида қабул қилдик. Бу баёнотнинг сохта эканлигини иддао қилишимизнинг сабаби эса жуда оддий. Маълум бўлишича, бу чақириқнинг остида номи зикр этилганларнинг кўпчилиги унга имзо қўймаган ва унга қўшилмайди. Демак, кимлардир томонидан махсус уюштирилган провокация бошланмасданоқ битти.

Шундай бўлса ҳам, чақириқ муаллифлари орасида партиямизнинг ташкилий ишлар бўйича раис ўринбосари Исмоил Дадажоннинг ҳам исми-шарифи борлигига кўз юмиб бўлмайди. У “Бирлик” халқ ҳаракатининг шу номдаги партияга айлантирилишида жонбозлик кўрсатган одамлардан бири сифатида “Бирлик”нинг энг юксак органи бўлмиш Қурултой ҳар қандай қарор чиқаришга, хусусан Ҳаракатни Партияга айлантиришга ҳаққи борлигини жуда яхши тушунади. Ўйлаймизки, у тезлик билан мазкур чақириққа номи қандай аралашиб қолганига очиқлик киритади.

“Бирлик” Қурлтойининг қарорларини ревизия қилишга ҳеч кимнинг на маънавий на ҳуқуқий ҳаққи бор. “Бирлик” тузилган вақтда СССРнинг конституциясига кўра, Коммунистик партиядан бошқа партия тузиш мумкин эмасди. Айнан шу сабабли, ҳамма Совет жумҳуриятларида халқ ҳаракатлари ва халқ фронтлари шаклланди ва улар биринчи имкон пайдо бўлиши биланоқ ўзларини партия деб атадилар. Шуни билатуриб, халқ ҳаракати номини қайта тиклашга уриниш – сиёсий калтафаҳмликдан бошқа нарса эмас.

Биз ҳамма демократларни бу каби провокациялар қаршисида хушёр бўлишга, келаётган президент сайлови арафасида “Бирлик” атрофида бирлашишга чақирамиз.

Пўлат Охун, “Бирлик” партияси раиси ўринбосари
Васила Иноят, партия Бош котиби
Ҳамдам Сулаймон, партия раисининг Фарғона водийси бўйича ўринбосари
Дайнов Ташанов, партия раисининг жанбий минтақа бўйича ўринбосари
Холиқназар Ғаниев, партия раисининг марказий минтақа бўйича ўринбосари
Адҳам Муҳиддинов, партиянинг Фарғона вилояти ташкилоти раиси
Носир Зокир, партиянинг Наманган вилояти ташкилоти раиси
Саидбурҳон Қодиров, партиянинг Бухоро вилояти ташкилоти раиси
Комил Жуманиёзов, партиянинг Хоразм вилояти ташкилоти раиси
Шавкат Турсунов, партиянинг Сурхондарё вилояти ташкилоти раиси
Гавҳар Юлдашева, партиянинг Жиззах вилояти ташкилоти раиси
Исроил Ризаев, партиянинг Сирдарё вилояти ташкилоти раиси вазифасини бажарувчи
Ҳайитбой Абдуллаев, партиянинг Тошкент шаҳар ташкилоти раиси