«Бирлик»нинг президентликка номзод кўрсатиш кампанияси амалий босқичга ўтди

«Бирлик» Партиясининг номзодини сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи орқали президентликка мустақил номзод сифатида кўрсатиш ишлврини координация қилиш учун шу йил 17 августда Ташкилий Қўмита тузилганини хабар қилгандик. Бугун шу Қўмитанинг биринчи баёноти тарқатилди. Унинг матни билан танишинг.

САЙЛОВОЛДИ КАМПАНИЯСИДА ИШТИРОК ЭТИШ ҲУҚУҚИМИЗДАН
ФОЙДАЛАНИБ ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОД КЎРСАТАЙЛИК

Ўзбекистон Конституцияси ҳамма фуқароларга сайлов кампаниясида иштирок этиш, сайловларда номзод кўрсатиш ва яширин овоз бериш йўли билан номзодларга ўз муносабатини билдириш ҳаққини берган. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Конституциясига биноан бу йил 23 декабрда бўладиган президент сайловига ҳам тегишли.

Президент сайлови ҳақидаги Ўзбекистон қонунининг 8-моддасига кўра, Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) иш бошидаги президентнинг ваколати тугашидан камида 3 ой аввал сайловолди кампанияси бошланганини эълон қилиши керак. Ҳозирги президент Ислом Каримовнинг ваколати шу йил 22 январда тугади. Демак, МСК 2006 йилнинг 22 октябригача сайлов кампанияси бошланганини эълон қилиши керак эди, аммо буни қилмади. Бундан чиқди, ўзбек халқи Конституция ва қонунларда берилган сайловолди кампаниясини вақтида олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда.

Президент сайлови ҳақидаги қонуннинг 24-моддасига кўра, президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи сиёсий партиялар билан бир қаторда камида 300 кишилик сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларига (СТГларга) ҳам берилган. Шу қонуннинг 24-1 моддасида билдирилишича, сайлов кунидан 70 кун аввал СТГнинг ваколатли вакили МСКга СТГни рўйхатга олиш ҳақида мурожаат этиши мумкин. Демак, СТГнинг мажлиси сайловдан 70 кун аввалдан ҳам олдин ўтказилиши, мажлисга тайёрланиш эса, бундан ҳам аввал бошланиши керак.

Ўзбекистон қонунларининг юқорида санаб ўтилган моддаларига мувофиқ ҳозироқ сайловларга тайёрланиш ишларини бошлаш мумкин.

Шу йил 17 августда Тошкент шаҳрида турли вилоятлардан келган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатнинг Конституцияси ва бошқа қонунларида берилган ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайловларга 70 кун қолмасдан аввал сайловчиларнинг ташаббус гуруҳини уюштириш мақсадида Ташкилий Қўмита туздилар. Ташкилий Қўмитианинг шу кунги мажлисида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

1. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари ва Тошкент шаҳридан тахминан 40 кишидан сайловчи қатнашадиган ташуббускор гуруҳнинг мажлисини 5-15 октябрь кунларининг бирида Тошкентда тўплаш;

2. Сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи мажлисига президентликка мустақил номзод қилиб кўрсатиш учун Адлди вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун ҳуқуқий кураш олиб бораётган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлатни таклиф қилиш;

3. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари ва Тошкент шаҳридан СТГ мажлисида иштирок этадиган тахминан 40 кишилик гуруҳларнинг рўйхатини ҳозирданоқ тузишни бошлаш;

4. Ўзбекистондаги ҳамма демократик кучларга мурожаат қилиб, уларни бундан олдинги моддада айтилган 40 кишилик гуруҳларнинг рўйхатини тузишда ва СТГнинг мажлисини ўтказиш ҳамкорликка чақириш.

Президент сайлови ҳақидаги қонуннинг 24-1 моддасига биноан Марказий Сайлов Комиссиясига бериладиган СТГ рўйхатида унга кирувчи кишиларга оид қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак: Фамилияси, исми, отасининг исми; туғилиш санаси; яшаш жойининг адреси; паспортининг серия ва номери. МСКга яна шу ҳужжатлар топширилиши лозим: СТГнинг ваколатли вакил тайинлаш ҳақидаги қарори; ваколатли вакилга қонун талабига кўра берилган ишонч қоғози; президентликка номзоди кўрсатиладиган киши ҳақида маълумот.

Шу кунларда Ташкилий Қўмита аъзолари Ўзбекистоннинг вилоятлари ва Тошкент шаҳрида СТГ мажлисида қатнашадиган 40 кишилик гуруҳларнинг рўйхатларини тузишга бошладилар. Шу мажлисида номзоди кўрсатилиши режалаштирилаётган Абдураҳим Пўлат ҳам вақтинча яшаётган жойи АҚШдан қайтиб келиш учун ҳаракат бошлаганини эълон қилди.
Мен Ташкилий Қўмита номидан Ўзбекистондаги ҳамма демократик руҳдаги ташкилотлар ва шахсларга мурожаат қилиб, СТГ қатнашчиларинг рўйхатини тузишда ва СТГ мажлисини ўтказишда биз билан ҳамкорлик қилишга чақираман.

Шу йўл билан бу йилги президент сайловининг демократик руҳда ўтишига ва мамлакатимизда деморатиянинг ривожланишига ҳисса қўшган бўламиз.

Ҳайитбой Абдуллаев,
Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳи мажлисини
тайёрлаш бўйича Ташкилий Қўмита раиси
2 сентябрь 2007 йил