Бирлашган ўзар – бирлашмаган тўзар, ёки ёшларни билаштириш шиори остидаги провокацияга муносабат

Бир гуруҳ ўзбек мухолифатчиларининг ўзбек ёшларига мурожаатномасини ўқигандан кейин, қуйидаги фикрларни билдиришга қарор қилдик.

Ўша мурожаатноманинг айнан шу кунларда тарқатилиши бизларни ўйлантириб қўйди. Бир қарашда олижаноб мақсадлар билан ёзилиб, ватанпарварлик руҳи ва чақириқлари билан суғорилгандек кўринадиган бу мурожаатномага сиёсий кўз билан қарасак, бошқа нарсаларни кўрамиз.

Нима сабабдан мурожаатнома айнан ўзбек халқи муҳим сиёсий паллага кириб бўлгандан кейин, яъни президентлик сайлови кампаниясига феълан бошлангандан кейин тарқатилди? Мақсад 1989 йилда бўлгани каби мухолифат тарафдорларини сайловлар олдидан бўлиб ташлаш эмасми?

Ёшларни мухолифат сафларига келиб қўшилиши миллат учун айни муддао бўлар эди. Лекин ёшлар уюшиб бир сиёсий кучга айлангунча, Ўзбекистон учун жуда муҳим бўлган президентлик сайловлари ўтиб кетадику! “Бирлик” бу сайловларда ўз номзоди билан иштирок этишини эълон қилиб бўлди, демак, кимларнингдир мақсади ёшларни бу йилги сайлов жараёнидан узоқроқ тутишга интилиш эмасми? Айнан шундай.

Энди масалага бошқа тарафдан қарайлик. Демократик жамиятларда ҳокимият учун кураш сайловларда, асосан сиёсий партияларнинг кураши сифатида намоён бўлади. Шундай экан, ёшларни истасак-исамасак партиялар доирасида бирлаштиришимиз лозим. Бошқача йўл тутиш, сиёсатни билмаслик маҳсулидир. Бугун фақат “Бирлик” фаолиятда эканми, демак, ёшларни шу партияда бирлаштириш лозим. Номи тилга олинган мурожаатнинг мақсади эса “Бирлик”нинг ҳаммани бирлаштирш мақсадига қарши қилинаётган ишдир.

У мурожаатномага бизга яқин таниш бўлган сафдошларимиз, яъни “Бирлик”даги сафдошларимиз ҳам имзо чеккани бизни ҳайратга солди. Партия аъзоларининг, айниқса, унинг лидерларининг вазифаларидан бири ҳаммани, демак ёшларни ҳам, ўз партиясига тортишдир. Агар партиямизнинг баъзи фаоллари ўз партияларига содиқлигини кўрсатмаслар, ўз вазифаларини бажармасалар, бундайларнинг орқасидан ақли расо ёшлар кетишига ишониб бўладими? Йўқ! Ўз партиясига одам тортишни истамаганларга, яъни ўз партиясига бошқаларни жалб қилишни истамаганларга, яна ҳам очиқроқ айтсак, ўз партиясининг кучига ишонмаганларга ҳеч ким, жумладан, ёшлар ҳам ишонишмайди!

Ўйлаймизки, партиямиз ҳам вақти келиб ўз ичидаги бундай аъзоларига ўзининг принципиал муносабатини билдиради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ягона “Бирлик” халқ ҳаракати партиясигина президентлик сайловларида сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи орқали ўз номзодини кўрсатиш ва сайловларда иштирок этиш учун ҳаракат қилмоқда. Минг афсуслар билан айтиш керак, бизнинг бир йилдан буён президентлик сайловларида ягона мухолифат номзоди билан иштирок этиш таклифимизга бошқа мухолиф партиялардан ҳеч қандай акс-садо бўлмади. Улар ҳар галгидек бу сафар ҳам уйда ўтириб президентлик сайловини «бойкот» қилишади шекилли.

Ҳозир Фаргона вилоятида ва бутун Фарғона водийсида ёшлар асосан “Бирлик” халқ ҳаракати партиясини биладилар ва унинг сафига келиб қўшилмокдалар. Шу сабабли чет элдан туриб ёшларни бошқа бир ерда бирлашишга чақиришни ҳозир Ўзбекистонда асосий сиёсий куч бўлган “Бирлик”нинг оёғига болта уриш учун қилинган ҳаракат деб ҳисблашамиз ғоят тўғридир. Ишонамизки, бундай провокация бўлиб кўринаётган уринишлар натижасиз тамом бўлади.

Биз ўз миллатининг келажаги, ўз фарзандлари ва набираларининг келажагига бефарқ бўлмаган ҳаммани, шу жумладан ёшларни ҳам, “Бирлик” сафларида бирлашишга ва бизнинг номзодимизни кўрсатиш учун йиғиладиган сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳиининг мажлисини ўтказишда ёрдамчи бўлишга чақирамиз.

Ҳаммангизга ҳурмат ила:

Ҳамдам Сулаймон
“Бирлик” Партияси раисининг Фарғона водийси бўйича ўринбосари
Адҳам Муҳиддин
“Бирлик” Партияси Фарғона вилоят ташкилотининг раиси
30 август 2007 йил