Туркияда парламент сайловларининг расмий бўлмаган натижалари эълон қилинди

Туркия Буюк Миллат Мажлиси сайловларининг расмий тасдиқланмаган натижалари мамлакатнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Уларга кўра, Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон раҳбарлик қилаётган Адолат ва Тараққиёт Партияси парламентдаги 550 ўриндан 342 сини эгаллади ва якка ғолиб партия сифатида яна ҳукумат тузиш ҳаққини олди.

Жумҳурият Халқ Партияси 111, Миллиётча Ҳаракат Партияси 70 жой олишга муваффақ бўлди. Парламентга кира олган бошқа 27 киши ҳеч бир партиянинг аъзоси эмас, улар мустақил депутат бўлишади. Уларнинг ичида Она Ватан Партиясининг собиқ раиси, собиқ Бош вазир Маъсут Йилмаз, мустақил номзод сифатида сайловда қатнашиш учун Буюк Бирлик Партияси раислигидан истеъфо этган Мухсин Ёзувчиўғли, курдларнинг Демократик Жамият Партияси тарафдорлари бўлмиш 20 дан ортиқ одам бор.

Яқинда номини Демократик Партия деб ўзгартирган собиқ Тўғри Йўл Партияси (асосчиси Сулаймон Демирэл эди) 10 фоизлик тўсиқдан ўтолмади ва унинг раиси Муҳмет Ағар дарҳол истеъфога чиққанини билдирди.

Ярим кеча бўлишига қарамасдан партияси қароргоҳи ёнида тўпланган одамлар олдига чиққан Ражаб Эрдўғон 52 йилдан бери биринчи марта Туркияда бир партия икки марта кетма-кет ғалаба қозонганини урғулаб, АТП мамлакатга барқарорлик олиб келганини, демократик дунёвий давлатни мустаҳкмлаш учун халққа хизмат қилишни давом эттиражакларини, яқин йилларда киши бошига миллий даромадни 10 минг долларга олиб чиқажакаларини айтди ва Турк халқига сайловдаги ишончлари учун ташаккурлар изҳор этди.

У сайлов кампанияи давомидаги айтилган қаттиқ ботувчи ифодалари учун мухолифатга нисбатан аламзадалиги йўқлигини ҳам билдириб, давлат ва миллат келажаги учун ҳамма билан ҳамкорликка тайёр эканлигини гапирди.

Шуни айтиш керакки, аввалги парламентда АТПнинг 354 депутати бор эди, энди уларнинг сони 342. Лекин барибир у кўпчилик овозга эга ва ҳукмрон партия бўлиб қолаверади, аммо якка ўзи конституцион ўзгаришлар қилолмайди, мамлакат президентини сайлай олмайди. Шундай бўлса ҳам, мавжуд шартлар остида АТП катта ғалаб қозонгани шубҳасиз.