“Бирлик” раҳбарларининг Брюсселда бўладиган учрашувлари бекор қилиниши ҳақида

Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашувлар ўтказиш учун Бельгияга келаётганда виза масаласидаги муаммолар туфайли Амстердамдан АҚШга қайтиб кетишга мажбур бўлганди. Унинг мухбиримзга билдиришича, учрашувларни унинг иштирокисиз, партиянинг Европада яшаётган бошқа раҳбарлари томонидан амалага ошириш мумкин эди. Аммо ҳар томонлама маслаҳатлашиб, хусусан Европа Иттифоқи маъсуллари билан ҳам, учрашувларни кечиктириш, ҳозирги босқичда эса “Бирлик” Партиясининг ЕИ-Ўзбекистон муносабатларига оид фикр ва таклифларини ёзма шаклда Брюсселга жўнатиш билан чекланишга қарор қилинди.

Мухбиримизнинг аниқлашича, бу учрашувларни ўтказиш учун сабаб бўлган воқеалар қуйидагича ривожланган.

Европа Иттифоқининг Кенгаши бу альянснинг Андижон фожеасидан кейин феълан тўхтаб қолган Ўзбекистон билан алоқаларини жонлантириш масаласини ўтган йилнинг 14 ноябрдаги мажлисида қайтадан кўриб чиқиши маълум бўлгач, “Бирлик” Партияси расмий Баёнот эълон қилди (унинг русча ва инглизча матнлари билан www.birlik.net сайтида танишиш мумкин) ва унда ЕИ-Ўзбекистон муносабатларини нормаллаштириш Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида ижобий ўзгаришлар эвазигагина амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. 6 ноябрь тарихли Баёнотни Белгияга келтирган “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлатжон Охун ва Исмоил Дадажон бу ерда Европарламентнинг бир қатор аъзолари билан учрашиб, ўз таклифларининг тафсилотларини оғзаки шаклда ҳам билдирдилар.

Шундан кейин, аниқроғи, 2006 йил 24 ноябрда Абдураҳим Пўлат ва Пўлатжон Охун Европа Иттифоқи Кенгашининг Бош котиби Хавьер Соланага мактуб йўллаб, Европа Иттифоқининг 14 ноябрь қарорини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, ЕИ-Ўзбекистон муносабатларини янада риволантиришга оид фикрларини қисқа ифодаладилар ва бу масалаларни муҳокама қилиш учун жаноб Солана билан учрашиш истагини билдирдилар.

Жаноб Солананинг маслаҳатчиси Энрика Мора шу йил 16 январда Абдураҳим Пўлат номига расмий хат йўллаб, Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон вакиллари билан учрашувларида “Бирлик” ҳам кўтараётган инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини доимо тилга олиб келаётганлари ва ЕИ бу принципиал масалаларда ҳеч қачон орқага чекинмаслиги ифода қилинган. Айни замонда жаноб Солана ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакили Пьер Морелга “Бирлик” раҳбарлари билан керакли учрашувлар ўтказиш бўйича топшириқ бергани ҳам билдирилган.

Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охун аввалдан 12 февралга режалаштирилган шундай учрашувлардан биринчисини ўтказиш мақсадида Брюсселга келишлари керак эди. Аммо, айтилгани каби, виза муаммолари туфайли “Бирлик” лидери Брюсселга келолмаслиги маълум бўлгач, учрашув кейинга қолдирилди. Бу хусусда Абдураҳим Пўлат билан телефонда гаплашган ЕИ вакили виза масаласидаги тушунмовчилик шармандали ҳол эканлиги, бу хусусда керакли мақомлардан расмий каналлар орқали маълумот талаб қилишларини билдирди.