Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Абдураҳим Пўлат Қашқадарёлик мухолифатчилар билан телефон орқали гаплашди
Бугун АҚШнинг пойтахти Вашингтон яқинида истиқомат қилаётган “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат телефон орқали “Эрк” партияси раиси Самад Мурод ва ўзининг партия бўйича ўринбосари, партиянинг Қашқадарё вилоят ташкилоти раиси Дайнов Ташанов билан гаплашди. Самад Мурод ва Дайнов Ташанов Қарши шаҳрида эдилар.
Суҳбат асосан мухолифатнинг фаолиятини Ўзбекистоннинг ҳамма минтақаларида ва хусусан жанубида жонлантириш ҳамда 2007 йида бўладиган президентлик сайловларида мухолифат номидан умумий номзод кўрсатиш масалалари атрофида бўлди. Абдураҳим Пўлат ва Самад Мурод аввалги баёнотларида ҳам айтилгани каби, мухолифат номидан ягона умумий номзод чиқариш кераклиги хусусидаги фикрлари ўзгармас эканлигини таъкидладилар. “Эрк партияси 53-54-чилар фракциясининг раҳбарлари бирлашиш ғоясини пичоқлаш учун қилаётган ҳаракатларидан келиб чиқиб, бу фракциянинг қолдиқларини ҳам партиянинг асосий гуруҳига очиқдан очиқ тортиш керак деган фикр маъқулланди. Май-апрель ойларига қолмасдан, умумуй номзоднинг шахси ҳақида ҳам бир қарорга келиш лозилиги эътироф қилинди.
Дайнов Ташанов билан, у партия раисининг жанубий минтақа бўйича ўринбосари эканлигини ҳам назарда тутиб, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида “Бирлик” Партиясининг маҳаллий фаоллари йиғилишларини ўтказиш ва уларда партия Марказий Кенгашининг 11 ноябрдаги мажлисида қабул қилинган қарорларга муносабат билдириш масаласи муҳокама қилинди. Маълумки, у мажлисда қабул қилинган қарлорлардан бири мухолифат номидан умумий номзод қилиб чиқариш учун “Бирлик” ўз раиси Абдураҳим Пўлатнинг номзодини таклиф қилгани эди.
Ўзбекистоннинг шимолий минтақаларида “Бирдамлик” ҳаракат яхши ташкилотлашиб бораётганини ҳисобга олиб, уч мухолифатчи “Бирдамлик” билан яқиндан ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам муҳокама қилдилар.
Қаршилик ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибековнинг қамоқдан озод этилгани хусусидаги хушхабар ҳам тилга олинди. Қаршида вақт жуда кеч бўлгани учун, эртага эрталаб Самад Мурод ва Дайнов Ташанов ўз сафдошларинг уйига бориб, уни зиёрат қиладиган ва ҳамма дўстлар номидан уни табриклайдиган бўлдиллар.
