Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Сайловдаги қонунбузарчиликлар 75-Зангиота округида ҳам давом этмоқда
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига 86-Қўқон округида сайлов кампанияси бошланар-бошланмас, одатдагидек қонунбузарлик бошланганини, хусусан ҳалигача округ сайлов комиссияси тузилмаганини аввал билдиргандик. Маълумки, бу округ бўйича “Бирлик” Партияси ўзининг Фарғона вилоят ташкилоти раиси Адҳам Муҳиддинновни номзод қилиб кўрсатмоқчи.
Ҳозир маълум бўлишича, Тошкент вилоятидаги 75-Зангиота сайлов округида ҳам аҳвол ўшанга ўхшайди. Мухбиримиз 75-округ сайлов комиссияси жойлашган бирор манзилни тополмагач, дастлаб Зангиота тумани ҳокимлиги ташкилий бўлимига борди. Бу ердаги ўзини таништирмаган котиба-реферант бўлим бошлиғининг йўқлигини айтиб, гапни қиска қилди. Ҳокимликнинг ер ресурслари ва кадастр бўлими (!) раҳбари сайлов Янгийўлда ўтказилажаги, округ сайлов комиссияси ҳам ўша ерда жойлашганини айтди.
Янгийўл туманининг Гулбаҳор посёлкасида жойлашган Янгийўл туман ҳокимлиги ташкилий бўлими раҳбари Эркин Бўтаев депутат Олим Топилов (ЎзЛДП номзоди)нинг ўрнига Янгийўл шаҳридаги округда сайлов ўтказилишидан хабардор экан. Мухбиримизни ўша ерга жўнатибди. Аммо, у Янгийўл шаҳрида округ сайлов комиссиясини излаб бирор натижага эришолмагач, шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаевнинг референтига мурожаат қилди. Референтнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам туманда қайта сайлов ўтказилади, унга ҳокимликнинг ташкилий бўлими раҳбари Дилмурод Иззатов масъулдир. Фақат у киши (баҳонага қаранг!!) шу масалалар бўйича икки-уч кундан бери Тошкентда экан.
75-округда бўшаб колган ўринга сайлов куни тайинланганига қарамасдан округ сайлов комиссияси ташкил қилинмаганига ишонч хосил қилган мухбиримиз пойтахтга келиб Марказий Сайлов Комиссиясининг ташкилий ишлар бўйича раис ўринбосари Юсуфжон Сирожиддиновга сим қоқди. Бу жаноб совуққина салом-аликдан сўнг: «Ташаббус гуруҳи орқали номзодингизни ким рўйхатга оларкан? Ўзи кечагина сайлов эълон килган бўлсак, округ комиссиясига бало борми? Мани телефонимни ким берди ўзи?» дея гўшакни улоқтирди. Қаранг, МСКнинг бу саводсиз ходими мамлакатимиз қонунига мувфиқ округ сайлов комиссияси сайловдан 25 кун аввал, демак, 29 ноябргача тузилиши кераклигидан, сайловчилар у шахсдан ижозат ҳам олмасдан номзод кўрсатиш ҳақлари борлигидан, унинг ўзи сайловчиларга ёрдам бериш учун ойлик олаётганидан ҳам хабари йўқ каби.
Мухбиримизнинг МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов ҳамда матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматовлар билан гаплашишга уриниши зое кетди. Воқеалар ривожидан маълум бўлишича, ҳали сайлов округи комиссияси ташкил этилмаган. Ваҳоланки, «Олий Мажлиснинг конунчилик палатасига сайловлар тўғрисида»ги Конуннинг жойи бўшаган депутатлар ўрнига сайлов ўтказиш жараёнини белгиловчи 47-моддасига мувофиқ, номзодларни рўйхатга олиш сайлов кунига 15 кун қолганида, яъни 9 декабрда тўхтатилади!
Буни қарангки, бўшаб қолган депутат ўрни, унга бўладиган қайта сайлов ҳақида туманнинг энг мартабали мулозимлари ҳам билишмайди, дейди мухбиримиз. Ҳатто Марказий Сайлов Комиссиясининг рахбарияти бу борада «бегона»ларга нимадир деб қўйишдан чўчийди. Бунинг устига, сайловлар учун бош маъсул бўлган бу ташкилотнинг ўзи сайловлар ҳақидаги қонунни қўпол равишдв бузмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, демократлар ичида ҳам фақатгина “Бирлик” ва “Эзгулик” сайлов масаласини билан яқиндан қизиқиб, унда ўз номзодлари билан иштирок этиш ниятида. Сайловлар демократиянинг фундаментал принципи, демак, фақат “Бирлик” ва “Эзгулик” буни тушунган ҳолда демократия учун курашмоқдадир.
