Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик”: “Эрк”чи Исроилжон Холдоров Андижон турмасида
Номини ошкор этишни истамаган ишончли манбага кўра, “Бирлик” Партиясининг Андижон вилояти Андижон туман ташкилоти собиқ раиси, ҳозирда «Эрк» партиясининг (Салой Мадаминов фракцияси) Андижон вилоят ташкилоти раиси Исроилжон Холдоров Андижон турмасида сақланмоқда. Ўша манбанинг таъкидлашича, унинг аҳволи жуда оғир бўлиб, қамоқхона ичидаги касалхонага ўтказилган. Шу кунгача унинг аҳволидан ҳеч ким, ҳатто ўз яқинлари ҳам хабар олишмаган, чунки ҳеч ким шу вақтгача унинг қаердалигини ҳам билмаган.
Эслатиш керакки, Исроилжон Холдоров 2004 йилда “Бирлик”дан “Эрк”га ўтиб, айнан бирликчилар ёрдамида “Эрк” партиясини вилоятда янгидан шакллантириш учун ҳаракат бошлаган ва ҳукуматнинг 2005 йил 13 майдаги Андижон хунрезлигидан кейин қамалиш хавфи остида Қиргизистонга қочиб кетган эди. У Ўш шаҳрида сиёсий қочқин мақоми олиш ниятида яшаш билан чекланмасдан, бу ердаги ўзбек мухолифати вакилларини бирлаштириш учун фаолият бошлаган пайтида, аниқроғи, шу йилнинг июнь ойи бошларида тўсатдан ғойиб бўлган.
Бу ҳақда сайтимизда ўша кунларда берилган хабарда мухолифатчининг тақдири хусусида хавотирлик билдирилганди. 13 авгусида эса, “Давра Кенгаши” номидан тарқтилган Баёнотда, “Эрк” партияси раҳбарларига мурожаат қилинган ва Исроилжон Холдоров тақдири билан қизиқишга чақирилганди.
Фақат бугунгина, “Бирлик” фаоллари Исроилжон Холдоров ҳақида илк маълумотни топишга муваффақ бўлдилар. Андижон воқеаларининг 1 йиллиги муносабати билан Ўшда ўтказилган пикетга ўз партияси раисининг портретини бўйинга осиб чиққан Исроилжоннинг тақдири билан бу партия вакиллари мутлақо қизиқмадилар ҳам.
