“Бирлик”нинг МК мажлисини ўтказишдаги ҳукуматнинг «ғамхўрлиги» ҳақида

«Бирлик» Партияси Марказий Кенгашининг куни кеча ўтказилган мажлиси муваффақият билан ўтгани, унда тегишли қарорларга келингани хақида хабар қилгандик. Бироқ мажлисни ташкил этишнинг ўзи бўлмаганини ҳам айтиб ўтиш керак. Партия фаолларининг бу сафар пойтахтга авваларига нисбатан осонроқ етиб келишига кучишлатар идораларнинг йўл қўйиб беришгани, тўғрироги, тўла босим қилишга журъат этишолмаганини ЕИнинг Брюсселдаги мажлисига боғлагандик. Шундай бўлса ҳам “унча-мунча” тазйиқлар бўлганини айтиб ўтиш лозим.

Ўтган йили икки марта ўғирлаб кетилган ва номаълум турмада сақланган “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Ҳолиқназар Ғаниевга бу сафар юмшоқроқ муомала қилишибди. Ўша куни унинг дарвозасининг ташқи тарафига турма панжараси каби расм чизиб кетилибди. Кекса сафдошимизнинг мухбиримизга таъкидлашича, ҳовли дарвозаси тахминан 2,3х3 метр ҳажмда бўлиб, оқ рангга бўялган. Унга 11 ноябрь куни кечаси осонликча кетмайдиган қора бўёқ орқали хафсала билан турма панжарасининг сурати солинган. Гўё, уни яна қамоқ кутаётгандай. Эрталаб буни кўрган қўшнилар орасида ваҳима кўтарилиб, қариндош-уруғлар тўпланишган. Ҳолиқназар ака билан боғлиқ нохуш ҳолатлардан юрак олдирган қариндошлар унинг «Бирлик»дан чиқиши, умуман, сиёсатни тарк этишини талаб қилишган. Мен мазкур ҳодиса ҳақида ҳукуқни муҳофаза қилиш идораларига ариза ёзиб, воқеанинг текширилишини талаб қилмоқчиман, дейди Ҳолиқназар ака.

Ўша куни бу воқеадан хабари бўлмасдан уларнинг уйига телефон қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Ҳолиқназар аканинг аёли билан гаплашганини айтди. “Ташқаридан бу воқеа худди фильмдаги саргузашт каби кўриниши мумкин. Аммо у ерда яшаётганларни, айниқса кеннойимизни тўғри тушунишимиз керак, – дейди “Бирлик” лидери. – Мен қўлимдан келганча у мард аёлни кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим. Бир вақтлар ўз ўйимда, баъзи сафдошларимизнинг уйларида бу каби нохушликлар бўлганини, аёлларимиз бизга қарши исён қилишганини айтиб бердим. Аммо бизни ҳам тушунинг, дедим. Биз бу йўлдан энди қайтолмаймиз. Қайтмаймиз ҳам. Шу сабабли аёлларимиздан бизни қўллаб қувватлашни сўраймиз. Бунинг устига ҳамма эҳтиёт чораларини кўрмоқдамиз, Ҳолиқназар акани ҳеч қачон якка қолдирмаймиз, дедим. Офарин дейиш керак кеннойимизга, мени тушунгадек бўлдилар”.

Қўқўнда ҳам баъзи ҳодисалар бўлди. «Бирлик»нинг Фарғонадаги раҳбарлари Адҳам Муҳиддинов ҳамда Ҳамдам Сулаймонлар милиция ходимлари томонидан тутиб қолинди. Пойлоқчиларни чалғитиш мақсадида 10 ноябрь куни тунги соат бир-иккиларда алоҳида-алоҳида йўлга чиққан Адҳам ва Ҳамдамлар вилоят чегарасидан ўтмаёқ қайтариб келинган. Ҳамдам Сулаймоннинг таъкидлашича, Адҳам Муҳиддинов 11 ноябрь куни эрталаб соат 9 дан 11 га қадар Қўқон шаҳар ИИБда ушлаб турилган. Ҳамдамнинг уйи олдида иккита милиция пункти ташкил килиниб, у уйидан чиқарилмаган.

МК аъзолари Дайнов Ташанов ва Зулфиқор Мирзолар 11 ноябрь куни Хамза тумани ИИБда паспорт назорати баҳонасида маълум муддат тутиб турилган. Партия Бош котиби Васила Иноятнинг уйига эса Собир Раҳимов туман ИИБдан «элчи»лар келиб, унга “бошлиқ сўраётгани” билан пўписа қилинган.