Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ТАҚДИРИНГДАЙ ТАҚДИР БИТ МЕНГА – ТОКИМ ЧИНАКАМ ДОНГ БЕР ҲАР ДАМИМГА, ТАНГРИМ!!!…
Кўклар мендан қуйи бўлар,
Боболаримни куйласам.
Барча менга ёғий бўлар,
Боболаримни куйласам.
Чақмоқ урҳо – урҳолари
Ҳуркизади садолари
Ҳамон орсиз дунёлари,
Боболаримни куйласам.
Ўтмишни тингла – Тангри дер,
Борлиқни англа – Тангри дер,
Ўзингни ўнгла – Тангри дер,
Боболаримни куйласам.
Элчи чиқса – биздан чиқди –
Қайси чиқса – биздан чиқди,
Тангри чиқса – биздан чиқди,
Боболаримни куйласам.
Нимагадир чўқинишар,
Нимагадир талпинишар,
Кўклар менга юкинишар,
Боболаримни куйласам.
Танинг – еримнинг тупроғи,
Сувинг – еримнинг булоғи,
Жонинг – Биримнинг ардоғи,
Боболаримни куйласам.
Тупроғимни олсам, маълум,
Қолдирмай гил, қолдирмай қум.
Биздан бошқа қолади ким?!
Боболаримни куйласам.
Тангридан бошқадан зўрман –
Жой берди сўзидан – тўрдан,
Боболарим билан Бирман,
Боболаримни куйласам.
2023 йил, 2 апрель.
* * * * *
Кексайган таннозга бўлди қўнғироқ:
– Учрашсак, танишсак, кўркинггиз қандоқ?
– Ўн саккиз ёшимда бўлганман асал,
Ўн тўққиз ёшимда бўлганман гўзал.
Йигирма ёшимда эдим тенгсиз бол,
Йигирма биримда энг соҳибжамол…
– Бас!- деди харидор – бас, енгилоёқ,
Бугун қандоқдирсан, чиройинг қандоқ?…
Инсоният шундоқ – қилиғи шундоқ –
Бурунги шон билан гердаяр узоқ.
Қумусқа изидай ўткинчи изни
Бир умр кўтариб, дейди оқ юзим.
Ўткинчи изини этаверар пеш,
Фақат ўчмас излар мангу бўлар эш!
Тақдирингдай тақдир бит менга – токим
Чинакам донг бер ҳар дамимга, Тангрим!!!
Ўзимни ўзимга Ўзинг этма зор –
Бугунги шонимга эртамни зинҳор!!!
2023 йил, 31 март.
* * * * *
Манфаат сўзи:
Барча бир – бирини қирмоқда – марра –
Инсоният битсин, ютаман, нега?!
Очуннинг ягона эгаси – ўзим,
Бўлади чинакам эгаси эга…
2023 йил, 31 март.
* * * * *
Ит ўлса, ўлигин кўмадиган бор,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Келмади ҳаттоки бирон дўсту – ёр,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Тиригин хор бўлса, этмайди алам,
Ўлигинг хор бўлса, барча алам жам,
Келмади қотилим – учмоқлик санам,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Чирқиради ёнган жоним – арвоҳим,
Кўпга паноҳ бўлдим, йўқдир паноҳим,
Барчага жон тикдим, шудир гуноҳим,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади
Қайси ўлик борган гўрига ёлғиз?!
Одамзот вафони эплолмас – ожиз,
Наҳотки эплолмас Тангрим ҳам – эсиз?!
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Йўқ, йўқ уқтирдики Улуғ БируБор,
Юртингдан бошқага жон тикма зинҳор!
Тупроғимдан ўзга сотқинликка ёр,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
2023 йил, 29 март.
