Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ТИЛИМ УЗУН – ТАНГРИ ТИЛИ, ҚЎЛИМ УЗУН – ТАНГРИ ҚЎЛИ, ЙЎЛИМ ТЎҒРИ – ТАНГРИ ЙЎЛИ…
Кимнингдир йўли бўлмаса,
Унинг тўғри йўли бўлдим.
Кимнингдир ўғли бўлмаса,
Унинг таянч ўғли бўлдим.
Ноҳақликка йўлиқса ким –
Қалқон бўлдим, турмадим жим,
Бўлса кимнинг кўнгли ярим,
Унинг бутун кўнгли бўлдим.
Балки кичик, балки катта,
Ёвузлик – хон ҳар давлатда,
Бўлса кимнинг қўли калта,
Унинг узун қўли бўлдим.
Мени сотмагани йўқдир,
Тошлар отмагани йўқдир,
Гарчи эрхўр – кўзи суқдир,
Номард элнинг эли бўлдим.
Чироқсизга бўлдим – чироқ,
Ёлғизларга очдим қучоқ,
Чўкаётганга бошим – тоғ,
Чанқоқларнинг сели бўлдим.
Тутқунликда тутқунларга –
Айландим кунли кунларга –
Кун бермадим қузғунларга –
Лочинларнинг феъли бўлдим.
Эр,бўл ўгитимда ўтроқ,
Чинни айтган – мангу байроқ,
Қандоқ бўлсам – бўлгин шундоқ,
Тилсизларнинг тили бўлдим.
Тилим узун – Тангри тили,
Қўлим узун – Тангри қўли,
Йўлим тўғри – Тангри йўли,
Йўлимда бўл – йўли бўлдим!!!
2022 йил, 11 октябрь.
Одамзотга энг қисқа ва энг улуғ дарслик!
Отангга не яхшилик этдинг,
Ёз – десалар, мен ер чизаман.
Онангга не яхшилик этдинг,
Ёз – десалар, мен ер чизаман.
Сенинг учун ўртанганлар бор,
Сендан нима кўрди дўсту – ёр,
Ярадингми бўлганида хор,
Ёз – десалар, мен ер чизаман.
Нима қилдинг элу – юртингга,
Ҳар кун сўра – ўзингдан, толма.
Мендек ёнма пушмон ўтида,
Эй дўст, мендек ер чизиб қолма…
2022 йил, 9 октябрь.
Шулар…
Бурундан беш -ўнга ёғдиргандим шон,
Жанг бўлса, бўлар деб шулар қаҳрамон.
Шулар сотқин чиқди – барчадан бурун,
Инсонни мақташда шошилган – нодон.
2022 йил, 13 октябрь
Гарчи сотқин эди, лек бўлса имкон
Ҳақни айтар эди, ўтди, мен гирён.
Боқ,эл қанчалик паст – шундайлар ҳам йўқ,
Шундайлар ҳам армон, юрт – ёнган ўрмон…
2022 йил, 13 октябрь.
Менга ўз юртимда барча эди ёт,
Ёт юртда барча ёт бўлмасми, ҳайҳот.
Энг тиқис – зич нарса очунда ётлик,
Энг сийрак нарсадир очунда дўстлик.
2022 йил, 13 октябрь.
Байрам.
Улуғ Абдурайим Пўлатга.
Хавотирим ўртайди – дўстдан бўлмаса дарак,
Дарак берса – байрамим – ушалар улуғ тилак!
Ҳар куним байрам бўлсин, Тангрим, бўлгин хабардор,
Ушалмас тилаклардан – ушалиб битар юрак…
2022 йил, 13 октябрь.
Хотирам чексиз ёмон – ўзимнинг эиёнимга,
Ўзимни унитаман, ўзгалар фиғонида.
Бошқалар хотираси бундан ҳам ёмон, фарқ не –
Ўзгаларни унитар, ўзининг давронида…
2022 йил,12 октябрь.
Бетин ишлар экан қулларинг, нечун
Барининг бошига урасан бетин?
Тентак бўлсин, оз ер, ўз тезагини
Ўзи еб тўяди, ишлайди текин…
2022 йил, 9 октябрь.
Нечун ерга юкин деб айтган Тангри,
Диндор боши бўлмас – Ўзидан айри.
Ер юзи -Туроним, ерга бош эгсам –
БируБор еримга бош урар – майли…
2022 йил,9 октябрь.
Ариқнинг тўлқини ариқда қолар,
Денгизнинг тўлқини кўкка чанг солар!
Юракдан юракнинг фарқи шунчалик,
Юрагим кўшкидан Тангрини олар!!!
2022 йил, 10 октябрь.
Қўлладинг – кучинг билан подшоларни синдирдим,
Ўгит бердинг, БируБор, доноларни синдирдим.
Лек синдира олмадим – чексиз нодонлигимни,
Десайдим – бошимдаги балоларни синдирдим.
2022 йил, 11 октябрь.
Серилонли жар ўзандан бетин – доимо
Сел оқса ҳам, сой оқса ҳам, оқса ҳам дарё,
Холи бўлмас – илонлардан, аждаҳолардан,
Инсон ҳам шу – сабоқ билан ўзгармас асло.
11октябрь, 2022 йил.
Сулув – оғу, оппоқ оғу, чиройи – кўркидир бол,
Қанча қўшган бўлса – шунча адаштирар бемалол.
Тоза бол деб, роса тотиб, сўнгги йўлга отландинг,
Қутлуқ бўлсин – ёғоч отинг, манзил яқиндир, от сол!
2022 йил, 11 октябрь.
Узундан – узун бир улкан аждаҳо,
Бошдан – оёғи бош, бош – оёғ калла.
Изма – из юриб ер мени доимо,
Ҳар олов оғзида мендан бир тилка.
Ҳар қадамим – боши, юрсам кетма – кет
Боши кўпаяди биттага, эвоҳ.
Аждар – умр йўлим, пушаймоним – ўт,
Адашган гумроҳман, адашган – гумроҳ.
Бирон бир одимни отмабман тўғри,
Тилакка тескари юрибман узоқ.
Дўст, мендай яшама – эсингдан айри,
Йўлинг оқ бўлмаса – бахтинг бўлмас оқ…
2022 йил. октябрь.
