Жамоатчилик назорати — яхши. Лекин у амалда қандай ишлайди?

18 сентябр куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев, менимча, жуда муҳим ташаббусни илгари сурди.

Қорақалпоғистонда 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди. Яна 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилиши бошланмоқда.

Президент кексалар, олимлар ва кенг жамоатчиликни ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришга чақирди.

Мен Президентнинг бу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Давлат раҳбарининг ўзи миллиардлаб долларлик лойиҳалар устидан жамоатчилик назорати бўлиши кераклигини айтиши — муҳим қадам.

Жамоатчилик назорати фақат камчилик қидириш эмас. У муаммоларни эртароқ аниқлаш, маблағларнинг самарали ишлатилишини кузатиш ва яхши натижаларни ҳам жамоатчиликка кўрсатиш имконини беради.

Энди энг муҳим масала — жамоатчилик назорати амалда қандай ишлашини белгилаб олиш.

Жамоатчилик назорат қилиши учун, аввало, назорат қилиш учун зарур ахборотга эга бўлиши керак.

Менимча, 47 та лойиҳанинг ҳар бири бўйича очиқ маълумот бўлиши керак:

  • лойиҳанинг умумий қиймати қанча;
  • маблағ қаердан келяпти;
  • инвестор ким;
  • бош пудратчи ва субпудратчилар ким;
  • қурилиш қачон бошланиб, қачон тугаши керак;
  • қанча иш ўрни яратилиши ваъда қилинган;
  • амалда қанча иш ўрни яратилди;
  • лойиҳанинг қиймати кейинчалик ошдими ва нима учун;
  • ишларнинг неча фоизи бажарилди.

Бу маълумотларни олиш учун фуқаро Президентга ёки ҳокимга мурожаат қилиб юриши шарт эмас.

Ҳаммаси очиқ электрон платформада бўлиши ва истаган одам телефонидан кириб кўра олиши керак.

Масалан, янги лойиҳалар натижасида 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилиши айтилмоқда.

Жуда яхши.

Бир йил ўтгач, жамоатчилик бемалол текшира олиши керак:

8 мингта иш ўрнидан нечтаси ҳақиқатда яратилди?

Уларда қанча маош тўланяпти?

Қорақалпоғистонликларнинг нечтаси ишга қабул қилинди?

Менинг тушунчамда жамоатчилик назорати — қурилиш майдонига бориб, бино қуриляптими-йўқми деб қараб келиш эмас.

Бу — берилган ваъда билан эришилган натижани солиштириш имконияти.

Лойиҳа белгиланган муддатда ва белгиланган маблағ доирасида бажарилса — буни ҳам айтиш керак.

Яхши натижа берса — мақташ керак.

Кечикса, қимматлашса ёки ваъда қилинган иш ўринлари яратилмаса — нега бундай бўлганини сўраш керак.

Шунда жамоатчилик назорати давлатга қарши восита эмас, аксинча, давлат бошқарувини яхшилашга хизмат қилади.

Ва яна бир таклифим бор.

Агар бундай жамоатчилик назорати Қорақалпоғистондаги 7 миллиард долларлик лойиҳалар учун зарур бўлса, нега бу принципни бутун Ўзбекистон бўйича йирик давлат ва давлат иштирокидаги лойиҳалар учун мажбурий қоидага айлантирмаслик керак?

47 та лойиҳа бўлса — 47 таси ҳақида ҳам жамоатчилик олдида очиқ ҳисобот бўлиши керак.

Шунда Президент айтган «жамоатчилик назорати» оддий чақириқ бўлиб қолмайди.

У амалда ишлайдиган жамоатчилик назоратига айланади.

Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси