Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
UzAuto хусусийлаштирилади. Монополия ҳам тугайдими?

17 сентябр куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев яқин вақт ичида UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain компанияларини хусусийлаштириш бўйича халқаро тендерлар эълон қилинишини маълум қилди.
Давлат UzAuto Motors’даги 99,7 фоиз улушини ва UzAuto Motors Powertrain’нинг 100 фоизини сотишни режалаштирган.
Мен давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва хусусий секторни кенгайтириш тарафдориман. Шу маънода UzAuto Motors’ни хусусийлаштиришни ҳам ижобий қадам деб ҳисоблайман.
Лекин мен учун асосий савол бошқа: UzAuto хусусийлаштирилса, Ўзбекистон автомобиль бозоридаги монополия ҳам тугайдими?
Монополиянинг оқибатларини биз яхши биламиз.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Daewoo ва Chevrolet автомобиллари бир вақтлар ўзимизда хориждагидан қиммат сотилди. 2020 йилда Антимонополия қўмитаси Россияга экспорт қилинган айрим Ravon моделлари Ўзбекистондаги нархларга нисбатан 20–50 фоиз арзон сотилганини маълум қилган эди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль нега хорижда арзон, ўзимизда қиммат?
Сабаб аниқ — хорижда рақобат бор, Ўзбекистонда эса харидорнинг танлови йўқ.
Монополиянинг оқибати фақат нархда эмас. Рақобат бўлмаса, сифат ҳам, комплектация ҳам, харидорга муносабат ҳам ёмонлашади.
Шунинг учун компанияни хусусийлаштиришнинг ўзи етарли эмас.
Монополиянинг эгасини алмаштириш эмас, монополияни йўқ қилиш керак.
Мен Ўзбекистон кўчаларида фақат оқ Chevrolet эмас, Mercedes-Benz, Volvo, BMW, Toyota, Volkswagen, Hyundai, Kia, BYD ва бошқа автомобилларни ҳам кўришни истайман.
Оддий фуқаро ҳам истаган автомобилини қонун доирасида эркин олиб кириш ва сотиб олиш имкониятига эга бўлиши керак.
Бунинг учун таниш-билиш ёки давлат идораларида «қўл» керак бўлмаслиги керак.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш — яхши. Харидорни монополиядан ҳам ҳимоя қилиш керак.
Қайси автомобилни сотиб олишни давлат эмас, харидорнинг ўзи ҳал қилсин.
Мен Chevrolet’га қарши эмасман.
Мен танловсиз Chevrolet’га қаршиман.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
