Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Швеция бош вазири истеъфога чиқди

Ўзбекистонда бундай ҳолатни яқин 100 йил ичида кўрамизми?
Швеция бош вазири Ульф Кристерссон истеъфога чиқишини маълум қилди.
Сабаби жуда оддий: парламент сайлови бўлиб ўтди, овозлар санаб бўлинди ва мухолифат парламентда кўпчиликни қўлга киритди.
Шундан сўнг Кристерссон парламент спикерига мурожаат қилиб, уни бош вазирлик лавозимидан озод қилишни сўради.
Ҳеч қандай фавқулодда йиғилишлар йўқ.
Сайлов натижаларини ўзгартиришга уриниш йўқ.
«Биз кетсак, давлат қулайди», деган гаплар йўқ.
Бош вазир шунчаки кетяпти. Энди янги ҳукуматни шакллантириш жараёнини парламент спикери бошқаради.
Давлат эса ишлашда давом этади.
Шундай пайтларда шахсга қурилган давлат билан институтларга қурилган давлат ўртасидаги фарқ айниқса яққол кўринади.
Бугун Кристерссон бош вазир. Эртага унинг ўрнида бошқа одам бўлиши мумкин. Лекин парламент, қонунлар, судлар, давлат идоралари ва Швециянинг ўзи қолаверади.
Швецияда бу фавқулодда воқеа эмас. Бу – оддий демократик жараён.
Шу воқеани кузатиб, менда бир савол туғилди:
Ўзбекистонда ҳам бир кун келиб шундай бўладими?
Инқилоб эмас.
Давлат тўнтариши эмас.
Раҳбарнинг вафотидан кейинги ҳокимият алмашинуви ҳам эмас.
Оддий сайлов.
Амалдаги президент ёки ҳукмрон сиёсий куч сайловда ютқазади. Натижани тан олади. Ҳокимиятни сайловда ғолиб чиққанларга тинч йўл билан топширади ва кетади.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
