Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Инвестор тизимга ишонсинми ёки шахсга?

Тошкент халқаро молия маркази: инвестор тизимга ишонсинми ёки шахсга?
Аввало, гап қандай марказ ҳақида кетаётганини тушуниб олиш керак.
Тошкент халқаро молия маркази 2026 йил 30 мартда Президент фармони билан ташкил этилди. Уни 2027 йил бошида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Бу оддий молиявий ташкилот ёки навбатдаги давлат идораси эмас.
Марказ учун махсус ҳуқуқий режим яратилиши, Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи принциплари қўлланилиши, мустақил халқаро тижорат суди, халқаро арбитраж ва мустақил молиявий регулятор фаолият юритиши кўзда тутилган.
Марказда банк, суғурта, инвестиция, қимматли қоғозлар, ислом молияси, яшил молия, финтех ва рақамли активлар билан ишлайдиган халқаро компаниялар учун махсус шароитлар яратилиши режалаштирилган.
Мақсад ҳам жуда катта — Тошкентни минтақавий халқаро молия марказларидан бирига айлантириш.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача Марказ Ўзбекистон иқтисодиётига қўшимча 20-25 миллиард доллар инвестиция жалб қилиши, иқтисодий ўсишга йилига 1 фоизгача қўшимча ҳисса қўшиши ва 15 минггача юқори малакали иш ўрни яратиши мумкин.
Менимча, бу Ўзбекистон учун жуда муҳим ва истиқболли лойиҳа. Бундай замонавий халқаро молия марказини ташкил этиш ташаббусини фақат қўллаб-қувватлаш керак.
Лекин халқаро молия марказининг энг муҳим капитали пулнинг ўзи эмас.
Унинг энг муҳим капитали — инвестор ишончи.
Оддий қилиб айтганда, одам ишонмаган давлатга ўз пулини сармоя қилмайди.
Инвестор Ўзбекистонга сармоя киритар экан, қоидалар эртага ўзгариб кетмаслигига, суд мустақиллигига, регулятор профессионал ишлашига ва давлат идораси билан низо келиб чиқса ҳам унинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишониши керак.
Яъни инвестор шахсларга эмас, тизимга ишониши керак.
Энди мана шундай катта ва мураккаб лойиҳани амалда ишга тушириш вазифаси турибди.
Президент фармони билан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳозирги лавозими билан ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланди.
Унинг вазифаларидан бири Марказ фаолиятини йўлга қўйишни мувофиқлаштириш, биринчи навбатдаги ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда давлат органлари ва Марказ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш бўлади.
Бу қарорнинг мантиғини тушуниш мумкин.
Тошкент халқаро молия марказини нолдан ишга тушириш осон эмас. Турли давлат идораларининг ишини мувофиқлаштириш, янги ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш керак.
Президент Администрацияси раҳбари даражасидаги сиёсий вазн бу жараённи тезлаштириши мумкин.
Бу тайинлов орқали давлат хорижий инвесторларга:
“Бу лойиҳа Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга, у энг юқори сиёсий даражада қўллаб-қувватланади ва унинг ишлаши кафолатланади”, деган сигнални ҳам бермоқчи бўлиши мумкин.
Бу — тайинловнинг ижобий томони.
Лекин худди шу тайинлов инвесторга тескари сигнал ҳам бериши мумкин.
Агар Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ва самарали ишлатиш учун Президент Администрацияси раҳбари, шахсан Президентнинг қизи Саида Мирзиёевани унинг бошига қўйишга эҳтиёж туғилган бўлса, инвесторда табиий савол пайдо бўлади:
Демак, бундай кучли ва таъсирли раҳбарсиз Марказ ишламайдими?
Агар махсус ҳуқуқий режим, Англия ҳуқуқи, мустақил суд, мустақил регулятор ва профессионал бошқарувнинг ўзи етарли бўлса, нега уларнинг тепасига бундай катта сиёсий вазнга эга раҳбарни қўйишга эҳтиёж туғилди?
Инвестор бундан бошқа бир хулоса ҳам чиқариши мумкин: Демак, давлатнинг ўзи ўз институтларига ишонмайди. Улар ишлаши учун тепасига катта сиёсий таъсирга эга шахсни қўйишга мажбур.
Шунда мен учун энг муҳим савол туғилади:
Агар давлатнинг ўзи ўз институтларига ишонмаса, хорижий инвестор уларга қандай ишониши мумкин?
Мен аввал ҳам Ўзбекистонда ҳокимиятнинг тобора марказлашиб бораётгани ҳақида ёзган эдим.
Ўшанда бунинг асосий сабабларидан бири давлат бошқаруви тизимининг самарасиз ишлаётгани ва Президентнинг давлат аппарати устидан амалий назорати заифлашиб бораётганида, деб ёзган эдим.
Президент қарор қабул қилади, топшириқ беради, амалдорларни танқид қилади, ишдан олади ва янгисини тайинлайди. Лекин муаммо қолаверади. Жойларда эса кўп ҳолларда Президентнинг қарори эмас, амалдорнинг хоҳиши ишлаяпти.
Натижада ишламаётган давлат институтларини (ҳукумат, парламент, судлар ва бошқа давлат идораларини) ислоҳ қилиш ва уларни мустақил ишлайдиган тизимга айлантириш ўрнига, муҳим вазифалар яна Президент ишонадиган, катта сиёсий таъсирга эга шахслар қўлига берилмоқда.
Яъни институтларни кучайтириш ўрнига, уларнинг ўрнини кучли шахслар билан тўлдиришга ҳаракат қилинмоқда.
Қисқа муддатда бу натижа бериши мумкин.
Лекин узоқ муддатда хавфли бир ҳалқа пайдо бўлади:
Институтлар заиф бўлгани учун кучли шахсга эҳтиёж туғилади. Кучли шахс тизимни ишлатиб тургани учун эса институтларнинг ўзи кучаймай қолади.
Тошкент халқаро молия марказида бу масала айниқса муҳим.
Чунки Марказнинг ўзи айнан шахсларга эмас, қонун, мустақил суд, мустақил регулятор ва профессионал бошқарувга ишонч яратиш учун ташкил этилмоқда.
Балки ҳозир, Марказни нолдан ишга тушириш босқичида, катта сиёсий вазнга эга раҳбар ҳақиқатан ҳам керакдир.
Лекин кейин нима бўлади?
Эртага бу раҳбар кетса, тизим ишлашни давом этадими?
Менимча, Тошкент халқаро молия марказининг ҳақиқий синови ҳам шу бўлади.
Агар Марказ ишга тушгандан кейин профессионал бошқарув, мустақил регулятор ва мустақил суд ўз вазифасини юқори сиёсий ҳомийликсиз ҳам бажара олса — демак, Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам кучли институт яратган бўлади.
Агар Марказнинг самарали ишлаши учун кейин ҳам юқори сиёсий таъсир ва ҳомийлик зарур бўлса — демак, муаммо раҳбарда эмас, институтларда.
Инвестор учун энг катта кафолат бугун Марказга ким раҳбарлик қилаётгани эмас. Энг катта кафолат — эртага раҳбарлар алмашса ҳам қонун, суд, регулятор ва бутун тизим ишлашни давом эттиришидир!
Айтганча, агар бундай лавозимларга номзодни фақат фарзандлар орасидан танлаш шарт бўлса, менда ҳам муносиб номзод бор 😊
Ўғлим Otabek Akhunov, 15 йилдан ортиқ вақтдан бери Шимолий Европадаги энг йирик молиявий гуруҳ ва Европадаги энг йирик банклардан бири бўлган Nordeaда молия соҳасида ишлайди.
Ҳозир ўғлим Nordea Private Banking’да Head of Securities Advisory — қимматли қоғозлар ва инвестициялар бўйича йўналиш раҳбари лавозимида ишлайди.
Керак бўлса, номзодини таклиф қилишим мумкин. 😊
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
