Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Камбағалликни қисқартириш яхши, лекин…

3 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда катта вазифалар қўйилди: йил охиригача 350 минг кишини доимий иш билан таъминлаш, 1 миллион кишининг даромадини ошириш ва 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш.
Мақсад тўғри. Айниқса, кредит беришнинг ўзи натижа эмас, натижа: доимий иш ўрни ва барқарор даромад бўлиши керак, деган ёндашувни қўллаб-қувватлайман.
Лекин менда принципиал бир савол бор:
Камбағалликни маъмурий топшириқлар билан қисқартириш мумкинми?
Камбағаллик сабаб эмас — оқибат.
Одам ишсиз қолса — камбағаллашади. Ишлаб туриб ҳам маоши рўзғорига етмаса — камбағал бўлиб қолаверади. Нархлар даромаддан тезроқ ўсса — камбағаллашади. Иқтисодиёт етарли иш ўринлари яратмаса — ишсизлик кўпаяди.
Камбағалликни қисқартириш мақсади тўғри. Лекин камбағаллик оқибат. Аввало унинг сабабларини йўқотиш керак.
Хўш, юз минглаб янги ва доимий иш ўринларини ким яратади?
Бозор иқтисодиётида уларни асосан тадбиркорлар ва хусусий бизнес яратади. Давлатнинг вазифаси тадбиркор ўрнига бизнес қилиш эмас, балки унинг эркин ишлаши учун шароит яратишдир.
Ўзбекистонда тадбиркорлик ривожланяпти, буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин ҳақиқий тадбиркорлик эркинлиги ва тенг рақобат учун ҳали кўп иш қилиш керак.
Хусусий мулк дахлсиз бўлиши, суд мустақил ишлаши, қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Бозорда монополия ва алоҳида имтиёзлар рақобатга халақит бермаслиги, тадбиркор амалдорга қарам бўлиб қолмаслиги керак. Коррупция эса рақобатнинг ўрнини эгалламаслиги керак.
Ҳақиқий тадбиркорлик эркинлиги ва ҳақиқий рақобат бўлмаса, барқарор иш ўринларини маъмурий топшириқ билан яратиб бўлмайди.
Агар иқтисодиётнинг ўзи етарли иш ўринлари ярата олмаётган бўлса, 350 минг кишини маъмурий топшириқ билан ишга жойлаштириш муаммонинг сабабини ҳал қиладими?
Бу ерда яна бир хавф бор.
Юқоридан аниқ рақам билан режа берилса, пастда шу рақамни ҳар қандай йўл билан бажаришга уриниш пайдо бўлиши мумкин.
Яқинда бир танишим ўзи умуман ишламайдиган фирмага унинг розилигисиз ишга жойлаштирилганини аниқлагани ҳақида ёзди. Кейин фирма ҳисобчиси билан гаплашганда, унинг айтишича, худди шу тарзда 89 киши расмийлаштирилгани маълум бўлган.
Нима учун бундай қилинади?
Агар юқоридан «ишсизлар сонини камайтириш, фалонча одамни иш билан таъминлаш керак» деган режа берилса, уни амалда бажара олмаганлар рақамни қоғозда бажаришга уриниши мумкин. Одам ҳақиқатан ишга кирмайди, маош олмайди, лекин ҳисоботда «иш билан таъминланган» бўлиб кўринади.
Албатта, айнан шу 89 киши билан боғлиқ ҳолат нима сабабдан юз берганини текшириш керак. Бир воқеага қараб бутун тизим ҳақида хулоса чиқариш тўғри эмас. Лекин бундай ҳолат режани бажаришнинг ўзи асосий мақсадга айланиб қолса, қандай хавф пайдо бўлишини кўрсатади.
350 мингта ҳақиқий иш ўрни яратиладими ёки 350 мингта «ишга жойлаштирилган» деган рақам керакми?
Худди шу гап камбағалликни қисқартиришга ҳам тегишли. Муҳими ҳисоботда қанча оила «камбағалликдан чиқарилгани» эмас, уларнинг ҳаёти ҳақиқатан ўзгаргани, доимий иши ва барқарор даромади пайдо бўлганидир.
Акс ҳолда камбағалликни эмас, камбағаллик статистикасини қисқартириш хавфи пайдо бўлади.
Менимча, давлат учун энг муҳим кўрсаткич ҳисоботдаги рақам эмас, одамнинг ҳаётидаги реал ўзгариш бўлиши керак.
Камбағалликка қарши энг самарали кураш — одамни қоғозда камбағалликдан чиқариш эмас, унга ўз меҳнати ва тадбиркорлиги билан камбағалликдан чиқиш имконини берадиган иқтисодиётни яратишдир.
Бунинг учун эркин тадбиркорлик, ҳақиқий рақобат, хусусий мулк ҳимояси ва қонун устуворлиги керак.
Шунда янги иш ўринларини юқоридан берилган режа эмас, иқтисодиётнинг ўзи яратади.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
