Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Судлар ҳақиқатдан мустақил бўладими?

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан сўзлаган нутқида келгуси ўн йилликнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш масаласини белгилади.
ЯХШИ. Бу жуда муҳим ва тўғри мақсад.
Лекин бу вазифа биринчи марта қўйилаётгани йўқ. Сўнгги саккиз йил давомида суд мустақиллигини таъминлаш бўйича кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди, қонунчиликка жиддий ўзгартишлар киритилди.
Шундай экан, табиий савол туғилади:
Нега шунча ислоҳотлардан кейин ҳам суд мустақиллиги масаласи яна келгуси ўн йилликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида қўйилмоқда?
Демак, муаммо фақат янги қонун ва қарорлар қабул қилишда эмас. Асосий масала — уларнинг амалда қандай ишлаётганида.
Шу нуқтаи назардан 14 августда қабул қилинган «Одил судлов — 2030» стратегиясини ўрганиб чиқдим.
Стратегияда 57 та вазифа, 2026 — 2028 йилларда амалга ошириладиган 160 та чора-тадбир ва 2030 йилгача эришилиши керак бўлган 33 та мақсадли кўрсаткич белгиланган.
Энг муҳими, стратегияда «ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш» мақсади қўйилган.
Суд бошқарувини ислоҳ қилиш, судьяларга таъсир ўтказиш омилларини камайтириш, суд назоратини кучайтириш, судлар очиқлиги ва рақамлаштириш каби кўплаб аниқ чоралар ҳам белгиланган.
Буларнинг барчаси — ЯХШИ.
ЛЕКИН…
Суд мустақиллигининг ҳақиқий синови қабул қилинган фармонлар ёки янги электрон тизимлар сони эмас. Ҳақиқий синов — суд амалиёти.
Бизга совет давридан айбловга мойил суд тизими мерос бўлиб қолди. Афсуски, бу амалиёт Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам давом этди ва унинг оқибатларини суд тизимида ҳалигача кўриш мумкин.
Суд кўп ҳолларда одамлар тасаввурида адолатни тиклайдиган мустақил институтдан кўра жазоловчи давлат органи бўлиб қолди.
Бунинг яна бир оғир томони — судларнинг сиёсий таъқибларда иштирок этгани ҳақида йиллар давомида билдирилган айбловлардир. Сиёсий фаолияти ёки қарашлари туфайли таъқиб қилинган шахсларга нисбатан сохталаштирилган айбловлар асосида ҳукмлар чиқарилгани ҳақида кўплаб даъволар бўлган.
Мен буни шахсан ўз бошимдан ўтказганман. Мени Ўзбекистон судлари уч марта судлаб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилган. Бу суд ишлари сиёсий таъқиб экани халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва демократик давлатлар томонидан эътироф этилган.
Бу ерда гап мен ҳақимда эмас, тизим ҳақида: сиёсий мотивлар ёки сохталаштирилган айбловлар бўлса, мустақил суд уларни тасдиқламаслиги, аксинча, тўхтатиши керак.
Шунинг учун янги стратегияни амалга оширишда, менимча, тўртта масала ҳал қилувчи аҳамиятга эга:
Биринчидан, суд ҳеч қачон сиёсий таъқиб воситасига айланмаслиги керак. Инсон сиёсий қараши, танқиди ёки қонуний сиёсий фаолияти учун жазоланмаслиги шарт. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар асоссиз ёки сохталаштирилган айблов билан судга келса, айнан мустақил суд буни тўхтатиши керак.
Иккинчидан, судьяга ҳар қандай босим ва аралашувга амалда йўл қўйилмаслиги керак. Суд ишига аралашган мансабдор шахс лавозимидан қатъи назар жавобгарликка тортилиши шарт.
Учинчидан, прокуратура ва адвокатура суд олдида ҳақиқатан тенг бўлиши керак. Прокурор судда адвокатдан устун турмаслиги, адвокат эса расмиятчилик учун қатнашмаслиги керак. Икки томон тенг процессуал имкониятларга эга бўлиши, судья эса ҳар иккисидан мустақил туриб, фақат далил ва қонун асосида қарор чиқариши шарт.
Агар айблов исботланмаса, судья оқлов ҳукмини чиқаришдан қўрқмаслиги керак.
Тўртинчидан, суд мустақиллигини аниқ натижалар билан ўлчаш керак:
- Оддий фуқаро ҳокимлик ёки вазирликка қарши судда юта оладими?
- Судья юқори мансабдор шахс манфаатига зид қарор чиқаришдан қўрқмайдими?
- Суд ишларига аралашган мансабдорлар жавобгарликка тортиляптими?
- Фуқаролар ва тадбиркорлар давлат органларига қарши қанча ишда ғолиб чиқяпти?
2030 йилда ислоҳот натижасини қабул қилинган фармонлар сони билан эмас, мана шу саволларга қандай жавоб бера олишимиз билан баҳолашимиз керак.
«Одил судлов — 2030»да жиддий ва аниқ чоралар белгиланган. Буни эътироф этиш ва қўллаб-қувватлаш керак.
Лекин бу сафар асосий эътибор янги қарорлар қабул қилишга эмас, қабул қилинган қарорларнинг сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишига қаратилиши керак.
Чунки охир-оқибат суд мустақиллигининг маъноси жуда оддий:
СУД — ЖАЗОЛАШ ОРГАНИ ЭМАС. СУД — АДОЛАТНИ ТИКЛАШ ИНСТИТУТИ БЎЛИШИ КЕРАК.
Судья қарор чиқараётганда юқорига қарамаслиги керак. У фақат Конституция, қонун ва далилларга қараши керак.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
P.S. Биз «Одил судлов — 2030» стратегиясининг амалга оширилишини кузатиб борамиз ва натижалар ҳақида ўқувчиларимизга хабар бериб турамиз. Сизларни ҳам жамоатчилик назоратида фаол иштирок этишга чақирамиз. Агар судьяларга босим ўтказиш, суд ишларига аралашиш ёки манфаатдор томонлар таъсирида қарор қабул қилиш ҳолатлари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлсангиз, бизга хабар беринг. Мустақил судни таъминлашда жамоатчилик назорати ҳам муҳим.
