Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Европа бозори — яхши, лекин берилган ваъдалар-чи?

Сўнгги бир ой ичида Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги вазиятга оид иккита муҳим ҳужжатни эълон қилди.
2026 йил 16 июлда Европа Комиссияси Ўзбекистоннинг 2023-2025 йилларда GSP+ доирасидаги мажбуриятларини бажариши бўйича янги ҳисоботини эълон қилди.
Орадан бир ой ўтмай, 11 августда Европа Иттифоқи «2025 йилда инсон ҳуқуқлари ва демократия» бўйича йиллик ҳисоботини ҳам эълон қилди. Унда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, фуқаролик жамияти ва демократик жараёнларга ҳам баҳо берилган.
Мен ҳар икки ҳужжатни ҳам қизиқиш билан ўрганиб чиқдим.
Бу мавзу мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ўз вақтида мен ҳам эксперт сифатида Ўзбекистоннинг GSP+ тизимига қўшилиши билан боғлиқ жараёнларда иштирок этганман. Бизнинг ташкилотимиз ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва демократик жараёнлар бўйича ўз ҳисобот ва таҳлилий материалларини Европа Иттифоқига мунтазам тақдим этиб келади ва улар ЕИ томонидан Ўзбекистондаги вазиятни мониторинг қилиш жараёнида кўриб чиқилади.
Хўш, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги вазиятга берган сўнгги баҳоси қандай?
Аввало, GSP+ нима?
Оддий қилиб айтганда, GSP+, Европа Иттифоқининг ривожланаётган давлатларга берадиган махсус савдо имтиёзлари тизими. Ўзбекистон 2021 йилдан бу тизимдан фойдаланиб келмоқда.
Лекин бу имтиёзлар шунчаки берилмайди. Ўзбекистон GSP+га қўшилар экан, инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларидаги халқаро мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олган.
Европа Иттифоқи маълумотига кўра, GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистондан ЕИга киритилган товарлар ҳажми 2021 йилдан буён қарийб беш баробар ошиб, 2024 йилда 448,2 миллион еврога етган. GSP+ имкониятларидан фойдаланиш даражаси эса 92,2 фоизни ташкил қилган.
Бу — яхши.
Ўзбекистон Европа билан савдони кенгайтириши, ўз маҳсулотлари учун янги бозорлар очиши ва Европа инвестицияларини жалб қилиши керак.
Европа Комиссиясининг GSP+ бўйича баҳосида Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ҳам эътироф этилган.
Жумладан, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, экология ва иқлим соҳаларидаги ишлар ижобий баҳоланган. Пахта йиғим-теримида тизимли болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳам муҳим натижа сифатида қайд этилган.
Буларни албатта тан олиш ва қўллаб-қувватлаш керак.
ЛЕКИН…
Айни шу GSP+ баҳосида бир қатор принципиал соҳаларда орқага кетиш кузатилаётгани ҳам қайд этилган.
Хусусан:
- фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари учун майдон;
- сўз эркинлиги;
- суд мустақиллиги;
- адолатли судлов ҳуқуқи;
- қийноқларнинг олдини олиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш.
11 августда эълон қилинган Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича йиллик ҳисоботида ҳам Ўзбекистондаги сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, ОАВ ва фуқаролик жамияти билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратилган.
Менимча, асосий масала ҳам мана шу ерда.
Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Бу табиий ва тўғри.
Лекин GSP+ фақат Европа бозорига кириш ва савдо имтиёзларидан фойдаланиш эмас. Унинг иккинчи томони ҳам бор: Ўзбекистон ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятлар.
Мен бу ҳисоботларни «Европа яна Ўзбекистонни танқид қилди» деб қабул қилиш тарафдори эмасман.
Аксинча, уларга:
Қайси соҳаларда натижа бор? Қайси соҳаларда ислоҳотлар ишламаяпти? Ва нега? деган нуқтаи назардан қараш керак.
Мен учун энг муҳим савол:
Нега Ўзбекистонда иқтисодий ва маъмурий ислоҳотлар анча тез амалга ошириляпти-ю, сиёсий ислоҳотлар, сўз эркинлиги, мустақил суд ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни бунчалик секин кетяпти?
Европа билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш керак. Лекин ўз зиммамизга олган халқаро мажбуриятларни бажариш ҳам шунчалик муҳим.
Иқтисодий манфаат ва инсон ҳуқуқларини бир-бирига қарши қўйиш керак эмас. Аксинча, қонун устуворлиги, мустақил суд ва эркин фуқаролик жамияти кучли иқтисодиётнинг ҳам кафолатидир.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
