Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Жаҳонгир Муҳаммад — 71 ёшда!

угун таниқли сиёсат ва жамоат арбоби, журналист ва ёзувчи, қадрли дўстим Жаҳонгир Муҳаммад 71 ёшга тўлди.
Менинг сиёсий ҳаётимда икки инсонни ўз устозим деб биламан. Улардан бири — Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати раҳбари, марҳум Абдураҳим Пўлатов бўлса, иккинчиси — Жаҳонгир Муҳаммаддир.
Жаҳонгир Муҳаммад — ўзбек парламентаризмининг асосчиларидан бири.
1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланган Жаҳонгир Муҳаммад мамлакатимиз тарихининг энг мураккаб ва ҳал қилувчи даврида парламент минбаридан ҳақиқатни айтишдан қўрқмаган, ўз фикри ва принципларини қатъият билан ҳимоя қилган депутатлардан бири эди.
У Олий Кенгашда «Ташаббус» депутатлар гуруҳига раҳбарлик қилди, Ошкоралик қўмитаси раҳбариятида ишлади, биринчи «Матбуот ҳақида»ги қонун лойиҳасини тайёрлади ва парламентнинг «Халқ сўзи» газетасини ташкил этишда муҳим роль ўйнади.
Жаҳонгир Муҳаммад, шунингдек, 1990 йил 20 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини тайёрлашда фаол иштирок этган депутатлардан ва унинг муаллифларидан бири бўлди.
Унинг ўша йилларда парламентдаги дадил, танқидий ва принципиал чиқишлари кўпчиликнинг ёдида қолган. Жаҳонгир ака кучли парламент, сўз эркинлиги, ошкоралик ва демократик давлат қуриш ғояларини қатъият билан ҳимоя қилди.
Жаҳонгир ака, 71 ёшингиз муборак бўлсин! Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, ижодий куч-қувват тилайман.
Бугун — 1 сентябрь, Ўзбекистон Мустақиллиги куни. Бугун мустақиллик учун ҳеч қачон курашмаган кўплаб инсонларга давлат мукофотлари берилаётган бир пайтда, Жаҳонгир ака аллақачон энг юксак мукофотга сазовор бўлган — бу халқнинг эътирофи ва тарихнинг эътирофидир.
Ўзбекистоннинг демократик тарихи, мустақиллик учун кураш ва миллий парламентаризм ҳақида сўз кетганда, Сизнинг парламент минбаридан айтган жасоратли сўзларингиз, принципиал позициянгиз ва қилган ишларингиз ҳали кўп бор эсга олинади.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Жаҳонгир ака!
