Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Harakat қайтадан ҳаракатда

Harakat интернет саҳифаси 1997 йилда Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати етакчилари Абдураҳим Пўлат ва Пулат Ахунов томонидан ташкил этилган эди.
Ўша йилларда Ўзбекистонда мустақил ахборот тарқатиш имкониятлари ниҳоятда чекланган, интернет эса эндигина оммалашаётган эди. Шундай шароитда Harakat Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий жараёнлар ҳақида мустақил ва муқобил ахборот тарқатувчи майдонлардан бирига айланди.
Йиллар давомида Harakatда «Бирлик» халқ ҳаракати фаолияти, Ўзбекистон демократик ҳаракати тарихи, мамлакатдаги сиёсий жараёнлар, инсон ҳуқуқлари ва демократияга оид минглаб материаллар эълон қилинди. Натижада сайтда чорак асрдан ортиқ даврни қамраб олган ноёб тарихий архив шаклланди.
Сўнгги йилларда Harakat фаолиятига «Бирлик» халқ ҳаракати етакчиси Абдураҳим Пўлат раҳбарлик қилиб, унинг йўналишини белгилаб келди. Унинг вафотидан кейин эса Harakat фаолияти деярли тўхтаб қолди.
Аммо Harakatни йўқотиб қўйиш мумкин эмас.
Чунки бу ерда фақат эски мақолалар эмас, балки Ўзбекистон демократик ҳаракати тарихининг бир қисми сақланмоқда. Ҳужжатлар, баёнотлар, мақолалар, суратлар, видеолар ва бошқа материаллар келажак авлодлар учун ҳам тарихий аҳамиятга эга.
Шунинг учун имкониятларимиз даражасида Harakatни қайта тиклашга қарор қилдик.
Нега айнан ҳозир?
Harakatни қайта тиклаш қароримизнинг яна бир муҳим сабаби бор.
Бугун Ўзбекистонда танқидий фикрни чеклашнинг янги — рақамли усуллари тобора кенг қўлланилмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқлар одамларга ўз фикрини эркин билдириш имконини берди. Аммо айни пайтда рақамли макон фаоллар, блогерлар ва танқидий фикр билдирувчи фуқароларга босим ўтказиш воситасига ҳам айланмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати, Президент, унинг оила аъзолари ва яқин атрофидаги шахслар фаолияти ҳақида танқидий фикр билдирган одамлар турли босимларга дуч келмоқда. Пост ва изоҳлар учун жавобгарликка тортиш, ижтимоий тармоқлардаги фаолликни назорат қилиш, сайт ва саҳифаларни блоклаш каби ҳолатлар эркин фикр билдириш имкониятини тобора чекламоқда.
Айниқса, мамлакатдаги коррупция ҳақида ёзиш хавфли мавзулардан бирига айланмоқда. Коррупция, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва бошқа оғриқли муаммолар ҳақида ёзган фаоллар ва блогерларнинг таъқиб қилиниши ҳақида халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам мунтазам хабар бермоқда.
Биз бу жараённи рақамли репрессия деб атаймиз.
Шунинг учун Harakatни қайта тиклаяпмиз.
Биз Harakatни овози эшитилмаётганлар, босимга учраётганлар, ижтимоий тармоқларда блокланаётганлар ва ўз фикрини бошқа жойда эркин эълон қилиш имконияти чекланганлар учун ҳам очиқ майдон бўлишини истаймиз.
Harakatда мақолалар, хабарлар, таҳлиллар, ҳужжатлар, фото ва видеолар эълон қилинади. Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақида жамоатчилик билиши керак бўлган, аммо бошқа жойларда эълон қилиш имкони бўлмаган материаллар учун ҳам Harakatда жой бўлади.
Бизнинг тамойилларимиз
Биз — бирликчилармиз. Демак, биз — демократлармиз.
Harakatнинг асосий тамойиллари ҳам «Бирлик» халқ ҳаракати таянган демократик қадриятлардан келиб чиқади. Биз учун демократия — фақат сайлов эмас. Демократия — инсоннинг эркинлиги, сўз ва матбуот эркинлиги, қонун устуворлиги, ҳокимиятлар бўлиниши, сиёсий рақобат ва фикрлар хилма-хиллигидир.
Биз либерал қадриятларни — инсон ҳуқуқлари ва шахс эркинлигини ҳурмат қилишни демократик жамиятнинг ажралмас қисми деб биламиз.
Harakat турли фикрлар учун очиқ майдон бўлади. Биз билан бир хил фикрда бўлмаган инсонларнинг ҳам ўз қарашларини эркин ифода этиш ҳуқуқини ҳимоя қиламиз.
Биз учун демократия — фақат ўзимизга ёққан фикрни эмас, бизга ёқмаган фикрни ҳам айтиш ҳуқуқини ҳимоя қилишдир.
Блоклаш билан муаммо йўқолмайди
Танқидий фикрни блоклаш мумкин. Бир саҳифани ёпиш мумкин. Бир инсоннинг овозини вақтинча эшитилмайдиган қилиш ҳам мумкин.
Лекин шу билан муаммолар йўқолиб қолмайди.
Коррупция ҳақида гапирилмаса, коррупция йўқолмайди. Адолатсизлик ҳақида ёзилмаса, адолатсизлик тугамайди. Жамиятдаги муаммоларни яшириш уларни ҳал қилмайди — аксинча, уларнинг янада чуқурлашишига олиб келиши мумкин.
Harakatнинг вазифаси ҳукуматга ёки бирор шахсга қарши курашиш эмас. Унинг вазифаси — эркин фикр, очиқ муҳокама ва тарихий хотира учун майдон бўлиш.
Биз қўлимиздан келган барча ишни қилишга ҳаракат қиламиз.
Чунки биз бир нарсага ишонамиз:
Биздан ҳаракат — Аллоҳдан баракат.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
